Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг мурожаатлари асосида фаолияти шубҳали деб топилган корхоналар билан амалга оширилган битимларни ўрганиб чиқиш учун тезкор равишда камерал солиқ текширувлари ташкил этилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 26 февраль ҳолатига республикамиз бўйича жами 5 796 та корхонада 656,1 млрд. сўмлик асоссиз ҳисоб (зачет)га олинган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаларига аниқлик киритиш бўйича камерал солиқ текширувлари якунланди.
Натижада:
– 5 556 та, яъни 95,9 фоиз корхонада (625,7 млрд. сўм) «сохта» операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқланди;
– 76 та, яъни 1,3 фоиз (12 млрд. сўм) ташкилотда ҚҚС суммасини ноқонуний ҳисоб (зачет)га олиш факти қисман тасдиқланди;
– 164 та, яъни назорат тадбирлари ўтказилган 2,8 фоиз солиқ тўловчилар томонидан 18,4 млрд. сўмлик ҚҚС суммасини тўғри ҳисоб (зачет)га олганлиги ҳолатлари бўйича асословчи ҳужжатлар тақдим этилди. Шу сабабли улардан ортиқча олинган маблағларни қайтариш бўйича тезкор жараёнлар бошланди.
Шунингдек, камерал солиқ текширувлари жараёнида 143 та корхона томонидан ҚҚС суммасини тўғри ҳисоб (зачет)га олиш билан боғлиқ йўл қўйилган бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳам аниқланиб, уларга нисбатан 5,4 млрд. сўмлик солиқлар қўшимча ҳисобланди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш давом этмоқда.