Бир неча кун аввал Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги расмий сайти ҳамда ижтимоий тармоқларда “BEVERLEE BUSINESS” масъулияти чекланган жамияти фаолиятига оид танқидий мақолалар эълон қилинган эди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, солиқ тўловчиларнинг солиқ суммасини камайтиришдан иборат бўлган операциялар ёхуд операциялар кетма-кетлигини амалга оширган ёки оширмаганлиги мазкур субъект фаолияти юзасидан солиқ аудити ўтказиш орқали аниқланади.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг эркин фаолият юритишлари учун бир қатор қулайликлар яратилиб, назорат органлари томонидан асоссиз аралашувларга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.
Хусусан Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сонли Фармонига асосан 2021 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларида солиқ аудити ўтказиш тўхтатилган. Бунда айрим мустасно ҳолатлар ҳам мавжуд.
Жумладан, Жиноят ишлари доирасида, яъни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят иши юзасидан тафтиш ўтказиш тўғрисида қабул қилинган қарор ёки ажрим солиқ органига келиб тушган ҳолларда истисно тариқасида солиқ аудити ўтказилишига рухсат берилади.
Давлат солиқ қўмитаси томонидан “BEVERLEE BUSINESS” МЧЖ солиқ органларига топширган солиқ ҳисоботларида ҳисобланган ва тўланган солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар ўрганиб чиқилди ва тафовутлар аниқланмади.
ДСҚ Матбуот хизмати.