Ҳеч бир фикр-мулоҳазага бефарқ қаралмади, муаммоларга ечим кўрсатилди, тушунмовчиликларга аниқлик киритилди, таклифлар қўллаб-қувватланди.
Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Абдулла Азизов ҳамда “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази директори Ҳаётжон Насруллоев иштирокида Жиззах ва Сирдарё вилоятларида тадбдиркорлар учун ўтказилган семинарларда айни ҳолат кузатилди.
Ушбу тадбирлар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига татбиқ этилаётган янги рақамли тизимлар – электрон ҳисобварақ-фактуралар (ЭҲФ), онлайн назорат-касса машиналари (онлайн-НКМ) ва виртуал кассаларнинг ишлаш жараёнига бағишланди.
Семинарларда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Абдулла Азизов барқарор шаффоф тизим ва бизнес учун барчага тенг имконият яратишда рақамли технологиялар нечоғлик аҳамиятли эканлиги ҳақида сўз юритди.
– Энг катта мақсадимиз – ҳар бир ишда солиқ тўловчиларга енгиллик яратиш, тадбиркорларга яқин кўмакчи бўлиш, – деди Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Абдулла Азизов. – Биз бизнес жараёнлари шаффофлигига, тадбиркорлар ўртасида барқарор соғлом рақобатга эришишимиз зарур ва шарт. Бу борада энг ишончли, энг тўғри танлов рақамли технологияларни амалиётга фаол татбиқ этишдир. Электрон ҳисобварақ-фактуралар ҳамда онлайн-НКМ ёки виртуал кассалар тизимидан кўзлаган мақсадимиз ҳам шу аслида.
Мазкур тизимлар солиққа оид муносабатларда инсон омили иштирокини камайтириб, барча солиқ тўловчилар учун бир хил ва тенг имкониятлар яратишни таъминлайди. Асосийси, хуфёна иқтисодиёт, коррупцияга қарши курашишда аниқ амалий натижаларга эришилади.
Тадбирларда “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази директори Ҳаётжон Насруллоев тадбиркорлик субъектлари вакилларига ЭҲФ, онлайн-НКМ ва виртуал кассалар ҳақида батафсил маълумот берди.
– Рақамли технологияларнинг тезкор, қулай ва сифатли хизматлар тақдим этиш имкониятини онлайн-НКМ ва виртуал кассалар ёки ЭҲФ мисолида яққол кўриш мумкин, – деди Ҳ.Насруллоев. – Масалан, ЭҲФни шакллантириш ва ҳамкорларга юбориш учун бир неча дақиқа кифоя. Бу қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактураларга сарфланадиган моддий ва инсон ресурсларини сезиларли даражада тежайди. Ҳар бир ЭҲФ роуминг операторида 10 йил, ЭҲФ тизими операторларида эса 5 йил давомида хавфсиз сақланади. Бир сўз билан айтганда, вақт тежалади, харажатлар камаяди, ҳисоботлар автоматлашади, маълумотлар хавфсизлиги кафолатланади.
Шунингдек, семинарларда давлат Реестирига киритилган онлайн-НКМ ва виртуал касса дастурий маҳсулоти ишлаб чиқарувчилари ва хизмат кўрсатувчи марказлар вакиллари ҳам иштирок этди. Улар янги дастурий маҳсулотлар имкониятлари, афзалликлари ҳақида зарур маълумотларни тақдим этди.
Мулоқотлар давомида тадбиркорлик субъектлари фаолиятига онлайн-НКМ ёки виртуал кассани жорий этиш муддатлари, шунингдек, ушбу замонавий қурилмалар тақдим этадиган фискал чеклар асосида ташкил этиладиган ютуқли ўйинлар хусусида ҳам тушунтиришлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур мавзудаги семинарлар жорий йилнинг 24 февралидан бошлаб, мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб ўтказилмоқда.
Маълумот ўрнида: Тадбиркорлик субъектлари ЭҲФ ҳужжат айланиш тизимига доир тўлиқ маълумот билан “Янги технологиялар” илмий-ахборот марказининг www.rouming.uz, онлайн-НКМ ёки виртуал кассанинг қўлланилиши бўйича эса www.ofd.uz сайтлари орқали яқиндан танишиши мумкин.
Мазкур тизимлар билан боғлиқ саволларни Марказнинг info@rouming.uz ёки https://rouming.uz/contacts электрон манзилларига йўллаш имкони ҳам мавжуд. Уларга Марказ мутахассислари томонидан аниқ ва батафсил жавоб қайтарилади.