Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг қабул қилиниши муносабати билан солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришга оид айрим низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Мазкур қарор лойиҳасида Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган бирйўла учта ҳужжат:
- «Солиқ мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом;
- «Солиқ органлари ва банк тизими ўртасида электрон маълумот алмашинуви тартиби тўғрисида»ги низом;
- «Давлат божи ва бошқа йиғимларни ундирадиган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат божи ва бошқа йиғимларнинг бюджет тизимига тушумларини ҳисобга олиш тартиби тўғрисида»ги низомни тасдиқлаш назарда тутилган.
«Солиқ мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом
Солиқ мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасига қатор ўзгартиришлар киритилди. Ушбу мавзу аввал ҳам жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.
Лойиҳа жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда қайта ишлаб чиқилди ва Солиқ кодекси нормаларига тўла мос келади.
Ўзгартиришларнинг моҳияти – солиқ мониторингини ўтказишда солиқ органлари ва солиқ тўловчилар ўртасида маълумот алмашиш тартибини тўлиқ ва батафсил акс эттириш.
Солиқ тўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида зарур ҳужжатларнинг ягона шакллари ишлаб чиқилган. Унда саналар ва форматлар батафсил кўрсатилади.
Эслатиб ўтамиз, Солиқ мониторинги – бу тадбиркор ва солиқ органлари ўртасидаги очиқликка асосланган ўзаро манфаатли ҳамкорлигидир.
Алоҳида хусусияти – солиқ тўловчи ва солиқ хизмати органи ўртасидаги ўзаро масофавий ва оператив мулоқот, шунингдек, солиқ мажбуриятларининг тўғри бажарилиши юзасидан шубҳа ёки номувофиқликлар юзага келганда солиқ органининг асослантирилган фикрини олиш имконияти.
Натижа – солиқ хавфлари бартараф этилиши ва назорат чоралари ҳажмининг камайиши.
«Солиқ органи ва банк тизими ўртасида электрон маълумот алмашинуви тартиби тўғрисида»ги низом
Низом лойиҳаси солиқ тўловчининг қарзларини ундириш ва банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш (тўхтатиб туришни бекор қилиш) пайтида солиқ органи ва банк тизими ўртасида электрон маълумотлар алмашишга оид. Аввалроқ ДСҚ бу жараённи тушунтириб ўтган эди.
Низомнинг вазифаси – солиқ органлари ва банклар ўртасидаги ўзаро алоқаларни соддалаштириш, электрон маълумотлар алмашинувини жорий этиш орқали жараённи автоматлаштириш.
Тадбиркорлик субъектларининг бажарилмаган солиқ мажбуриятлари ва тўлов топшириқномалари бўйича солиқ органлари томонидан инкассо топшириқнома юборишнинг янги тартиби кўрсатилган.
Солиқ тўловчилар солиқ мажбуриятларини бажариш учун банк ҳисобварақларида пул маблағлари бор-йўқлигидан қатъи назар, хизмат кўрсатувчи банкдаги асосий ҳисобварағига тўлов топшириқномасини Солиқ кодексида кўрсатилган тўлов муддатидан кечиктирмай тақдим этиши шарт.
Масалан, Солиқ кодексида белгиланган солиқларни тўлаш муддатидан кейинги кундан кечиктирмасдан солиқ тўловчининг шахсий кабинетига автоматик равишда солиқ тўлаш тўғрисида хабарнома юборилади.
Бажарилмаган солиқ мажбурияти мавжуд бўлган барча тадбиркорлик субъектларининг солиқ қарзини бюджетга ундиришда мана шундай бир хил ёндашув таъминланади.
Солиқ тўловчи тўлов топшириқномаси Давлат солиқ қўмитасининг солиқ хизматлари портали – https://my.soliq.uz/ га солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда ёки қоғоз шаклда бевосита хизмат кўрсатувчи банкка тақдим этилади.
Солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига инкассо топшириқнома қўйиш ва чақириб олиш инсон омили иштирокисиз автоматик равишда амалга оширилади. Бунда, солиқ қарзи қонунда белгиланган тартибда тўлиқ бартараф этилганлиги инобатга олинади. Инкассо топшириқномаси солиқларни тўлашнинг муддати тугагач, автоматик равишда солиқ тўловчининг банк ҳисобварағига юборилади.
«Давлат божи ва бошқа йиғимларни ундирадиган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат божи ва бошқа йиғимларнинг бюджет тизимига тушумларини ҳисобга олиш тартиби тўғрисида»ги низом
Мазкур лойиҳада давлат божи ва бошқа йиғимларни ундирадиган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат божи ва бошқа йиғимларнинг бюджет тизимига тушумларини ҳисобга олиш тартиби, шунингдек, давлат божи ва бошқа йиғимлар нақд пулда ёки банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда тўланганда, банк томонидан тўловчига бериладиган ёки тўловни амалга оширган мансабдор шахс ёхуд ваколатли органнинг кассаси томонидан тўловчига бериладиган квитанция шакли очиб берилган.
Ушбу талабларнинг амалиётга жорий этилиши давлат божи ва бошқа йиғимларни ундирадиган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат божи ва бошқа йиғимларнинг тўғри ҳисоблаб чиқилган ҳолда, тўлиқ ундириб олиниши ва давлат бюджетига ўз вақтида ўтказилишини таъминлайди.
Мазкур низом Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан чет элда ундириладиган консуллик йиғимларига, божхона органлари томонидан хорижий давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун ундириладиган йиғимларга татбиқ этилмайди.
Ушбу лойиҳани қабул қилиш молиявий харажатларни талаб этмайди.
Қарор лойиҳаси ўзбек тилида жойлаштирилган. Унинг муҳокамаси 2020 йил 7 июлгача давом этади.
ДСҚ Матбуот хизмати