Жорий йил 14 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан ташқи савдо контрактлари ва инвойслар бўйича маълумотларни электрон ахборот тизимига киритиш тартиби соддалаштирилди.
Унга мувофиқ, эндиликда хўжалик юритувчи субъектлар ташқи савдо контрактлари ва инвойслар бўйича маълумотларни электрон шаклда (ЭРИдан фойдаланган ҳолда) Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритади.
Мазкур қарор билан Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги Низом ҳам тасдиқланди.
Унда қўлланиладиган асосий тушунчалар, ташқи савдо контрактлари ва инвойсга қўйиладиган энг кам талаблар батафсил акс эттирилган. Шунингдек, ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби белгилаб берилган.
Низомнинг биринчи иловасига мувофиқ белгиланган тартибда ташқи савдо контрактлари ва инвойсларга идентификация рақамлари берилади.
Низомда ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритиладиган маълумотлар тўғрисидаги ахборот шакли ҳам кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва бошка манфаатдор вазирлик ва идоралар кесимида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирилади.
ДСҚ Матубот хизмати.