Жорий йилнинг 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6243-сон фармони қабул қилинди.
Фармонда қуйидаги асосий принциплар назарда тутилган:
– ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш;
– ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш;
– ерларни муҳофаза қилиш;
– ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш.
Фармонга мувофиқ 2021 йил 1 августдан бошлаб,
– ер участкалари хусусий секторга – мулк ва ижара ҳуқуқи асосида давлат ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади;
– доимий эгалик қилиш ёки вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади. Бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар амалдаги тартибда сақланиб қолади;
– ижарага олинган ер участкасида қурилган кўчмас мулк объектининг мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтганда, ушбу ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтади;
– қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади;
– қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади;
– давлат ташкилотларига ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун маҳаллий ҳокимликлар қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;
– давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;
– кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси, агар кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқа ҳуқуқ билан тегишли бўлмаса, уларга умумий фойдаланиш учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади;
– маҳаллий ҳокимият органларининг ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш ҳуқуқи бекор қилинади.
Мазкур ҳужжат билан ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва чора кўришга Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ходимлари масъул этиб белгиланди.
Кадастр агентлигига ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда амалдаги қонунчиликка мувофиқ ушбу ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш юзасидан тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди.
Электрон онлайн-аукцион ва очиқ танлови билан боғлиқ барча жараёнлар, истисноларсиз фақат электрон ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда, электрон ҳужжат алмашинуви йўли билан амалга оширилади.