Навоий вилоятида Ўзбекистон Респубилкаси Давлат солиқ қўмитаси, Навоий вилоят ҳокимлиги, Республика Солиқ маслаҳатчилари палатаси ҳамкорлигида вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари, корхона-ташкилотлар ҳисобчилари иштирокида янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди.
Тадбирда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Ф.Умаров, қўмитанинг масъул ходими А.Кошанов, Навоий вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари У.Раззоқов ва бошқалар иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор самарасида кичик бизнеснинг иқтисодиётимиздаги улуши тобора ортиб бораётгани таъкидланди.
Янги таҳрирда қабул қилинган Солиқ кодекси бу борада янги даврни бошлаб берди. Ҳар жиҳатдан тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилувчи ушбу қонун ҳужжати юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солиш тартибига ўзгаришлар киритилгани билан аҳамиятли бўлди.
Семинарда соҳа мутасаддилари иштирокчиларга янги таҳрирдаги Солиқ кодексидаги ўзгаришлар хусусида батафсил тушунтиришлар берди.
Чиндан ҳам, янги таҳрирдаги Солиқ кодексига асосан бир қатор махсус солиқ режимлари бекор қилингани тадбиркорлар томонидан ижобий кутиб олинди. Хусусан, кодекс билан бир қанча қулайликлар яратилдики, бу кўплаб фаолият турлари учун олинадиган давлат божи миқдорини деярли 4 бараварга камайтирди.
Семинарда якка тартибдаги тадбиркорлар учун декларация асосида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашни ёки 2020 йилдан бошлаб ўртача 25 фоизгача пасайтириладиган қатъий белгиланган миқдорда солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқи берилгани алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, семинарда солиқ органи Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳририда ҳисоб варақ-фактуралар қоида тариқасида электрон кўринишда расмийлаштирилиши шартлиги белгиланди. Кўп сонли солиқ тўловчиларни электрон ҳисоб операторларига улаш зарурати туфайли 2020 йил 1 июлига қадар солиқ органлари белгиланган тартибни бузганлик учун тадбиркорларга нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилмаслиги белгилангани маълум қилинди.
Муҳими, кўп йиллардан бери солиқ тўловчиларни ташвишлантириб келаётган масалалардан яна бири жорий йилдан ўз ечимини топди. Яъни, солиқ органларининг солиқ тўловчининг солиқ қарзини ундиришни унинг дебиторидан ундириш ҳуқуқи бекор қилинади. Эндиликда, ҳар ким ўз қарзи учун ўзи жавобгар бўлади. Агарда қарздор ва унинг ҳамкори ёки солиқчилар тилида айтганда дебитор ва кредитор ўртасида қарздорлик юзага келган бўлса, ҳар икки тараф муаммони суд тартибида ўзаро ҳал этаверади.
Семинарда тадбиркорлар ўз фаолияти давомида дуч келган айрим муаммоларни қонуний ечишда маслаҳат сўраб, янги солиқ тизими бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари ва мутасаддилар Навоий шаҳрида фаолият юритаётган “Zarafshon Golden Group” компанияси қурилиш объекти, “Навоий агро” масъулияти чекланган жамияти томнидан ташкил этилган замонавий иссиқхона ҳамда “Navoi Ishonch Gilam”қўшма корхонасига ташриф буюриб, тадбиркорлар билан амалий мулоқот қилди. Фаолият йўналиши бўйича яратилган қулайликлар бирма-бир таҳлил этилиб, аниқ ҳисоб-китоблар ва корхона ҳисобида қоладиган даромад маблағлари янада ривожланишга хизмат қилиши таъкидланди.
– Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари ва мутасаддилар қурилиш майдонига келиб, фаолиятимиз ривожига оид янгиликлар билан таништирди, – дейди “Zarafshon Golden Group”компанияси иқтисодчиси Дилмурод Ҳаққулов. – Масалан, бугунги кунда Навоий шаҳри марказида барпо этилаётган турар жой комплекси лойиҳаси 17 миллиардга тенг бўлиб, бугунги кунга қадар объектнинг 70 фоизи қуриб битказилди. Шунингдек, бино учун зарур қарийб 5 миллиард сўм қийматдаги маҳсулотлар қўшилган қиймат солиғи билан харид қилинган. Шуни 2020 йил январь ойи ҳисобида бир йўла ҳисобга олиш ҳуқуқи берилди. Эндиликда бу қулайлик айланма маблағларимиз ошишига ва кредит ресурслари эҳтиёжининг камайишига олиб келади.
Мухтасар айтганда, семинарда инсофли, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, фуқароларнинг солиқдан қочиш эмас, балки уни ўз вақтида тўлашдан манфаатдор бўлишига эришиш солиқ хизмати органларининг асосий вазифаси экани таъкидланди.