Давлат солиқ қўмитаси якка тартибдаги тадбиркорлик (ЯТТ) субъектларининг товар айланмаси 100 млн.сўмдан ошгач айланма солиғига ўтишлари бўйича мавжуд меъёр уларни товар айланмаларини яшириш орқали қонунбузилишларга мажбур қилаётгани хусусида айрим ижтимоий тармоқларда берилаётган хулосалар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Амалга оширилаётган солиқ ислоҳотларининг асосий мазмуни солиққа тортишнинг адолатлилик принципига мувофиқ солиқ юкини тенг тақсимлаш орқали барча учун бир хил рақобат шароитини яратишга қаратилган.
Шу муносабат билан аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида, сўнгги йилларда якка тартибдаги тадбиркорлик институтини янада ривожлантириш учун солиқ юкини камайтириш бўйича қатор меъёрлар жорий этилди.
Жумладан:
туманларда фаолият кўрсатувчи ЯТТ учун ижтимоий солиқ ставкаси 2022 йил 1 январдан бошлаб 50 фоизга камайтирилиб, ойига 135 минг сўмдан тўлаши белгиланди.
2021 йил ноябрь ойидан ЯТТ 5 нафаргача ходим ёллаш ҳуқуқи берилди (бунгача 1-3 нафаргача ходим ёллаш мумкин эди).
Яратилган ушбу қулайликлар натижасида республика бўйича 2019 йилдан бошлаб бугунги кунга қадар жами 288 минг нафар (йилига ўртача 96 минг нафар) якка тартибдаги тадбиркорлар янгидан давлат рўйхатидан ўтган.
Якка тартибдаги тадбиркорлар учун 2019 йилда товар айланмаси 100 млн.сўмдан ошгач айланмадан олинадиган солиқ ставкаси барча фаолият турлари учун 4 фоиз бўлган бўлса, 2020 йилдан бошлаб, табақалашган ҳолда фаолият жойига қараб, 1 фоиздан - 4 фоизгача этиб белгиланди.
ЯТТ ва юридик шахс 2019 йилгача бўлган даврда бир жойда чакана савдо фаолиятини амалга ошираётган бўлсада, ЯТТ томонидан ойига товарлар айланмасидан қатъий назар белгиланган қатъий даромад солиғини тўлар эди, лекин юридик шахс томонидан товарлар (хизматлар) реализациясидан келиб чиққан ҳолда белгиланган ставкада айланмадан олинадиган солиқларни тўланиши натижасида солиққа тортишнинг адолатлилик принципи бузилар эди.
Шунинг учун, тадбиркорлик субъектларига тенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида 2019 йилдан бошлаб, ЯТТ учун ҳам юридик шахслар каби бир хил солиққа тортиш тартиби белгиланган.
Масалан, Андижон шаҳрида чакана савдо билан шуғулланувчи "DVD Market" МЧЖ жорий йилнинг январь ойида товарлар реализация қилишдан олган тушуми
8,4 млн. сўмни ташкил қилиб, январь ойи учун 335,8 минг. сўм айланмадан олинадиган солиқ тўлаган.
Худди шу фаолият билан шуғулланувчи қатъий солиқ тўловчиси бўлган Андижон шаҳридаги ЯТТ О.Акбаровнинг январь ойи товар айланмаси 5 млн. сўм бўлсади, белгиланган қатъий миқдордаги 600,0 минг.сўм даромад солиғини тўлаган.
Шунингдек, ЯТТ 2019 йилдан бошлаб товарлар (хизматлар) айланмаси 1 млрд.сўмдан ошган ойнинг кейинги ойидан бошлаб, (ижтимоий тармоқда берилган постда қайд этилганидек айланмадан 5 % эмас), юридик шахслар учун умумбелгиланган солиқларни тўлаш тартибига ўтиши белгиланган.
Халқаро тажрибада (Германия, Латвия, Грузия ва бошқа мамлакатларда) якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият кўрсатаётган субъектлар томонидан мулк шаклини ўзгартирмаган ҳолда умумбелгиланган солиқларни тўлаши кенг жорий этилган.
Умумбелгиланган солиқ тўловчиси бўлган ЯТТ реализация қилган муҳсулотлари ёки кўрсатган хизматлари устига қўшилган устамадан 15 фоиз қўшилган қиймат солиғи тўлайди.
Масалан, ҚҚС тўловчи ЯТТ 100 минг сўмга олган маҳсулотини 110 минг сўмдан сотса, қўшилган устамадан 10 минг сўмдан 15 фоиз яъни 1,5 минг сўм ҚҚС тўлайди. ҚҚС занжирида тўланган суммани ҳисобга олиши қаторида, амалга оширган харажатларини чегиргач фойда олсагина фойда солиғини тўлайди.
Шу фаолият тури билан шуғулланувчи айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси бўлган ЯТТ сотган 110 минг сўм товар реализациясидан 4 фоиз миқдорида 4,4 минг сўм айланмадан олинадиган солиқ тўлайди. Бундан кўриниб турибдики, кейинги босқичга, айланмадан умумбелгиланган солиқ режимига ўтгач ҳам солиқ юки камаяди.
Қайд этиш лозимки, чакана савдо фаолиятини амалга оширишда хуфиёна иқтисодиётнинг улуши юқорилиги инобатга олиниб, уни жиловлаш бўйича замонавий тўлов тизимидан кенг фойдаланиш ва солиқ маъмурчилигининг янги инструментларини босқичма-босқич жорий этиш ишлари тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Хусусан, пластик банк карталари сони 2021 йил якуни билан 27,1 млн.тага етиб, 2019 йилга нисбатан 6,6 млн.тага (1,3 бараварга) ошди. Тўлов терминаллари сони 433,4 мингдан ортиб, улар орқали оборотлар 111,1 трлн.сўмни ташкил этган ёки 2019 йилга нисбатан 1,6 бараварга кўпайган.
Шу қаторида, электрон ҳисобварақ-фактуралари, онлайн назорат касса машиналари, товарлар ҳаракатини кузатиш (“Е-актив”, МХИК) тизимларининг жорий этилиши орқали 2021 йилда 249,5 трлн.сўмлик чакана савдо обороти қайд этилиб, 2019 йилга нисбатан 1,5 бараварга ошди.
Жорий йилдан амалиётга киритилган кешбек тизими истеъмолчилар орасида тобора оммалашиб, онлайн назорат-касса техникалари орқали 33 млн.та харид чеки урилди ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан чеклар сони ва савдо айланмаси 2 бараварга ошди.
Худди шундай, 2022 йил 21 февраль ҳолатига чоп этилган чекларнинг умумий қиймати 13,9 трлн сўмга етиб, 2021 йилнинг мос даврига (7,3 трлн сўмга) нисбатан 1,9 бараварга ошди.
Бу ўз навбатида айланмадан олинадиган солиқ тушумлари ўсишига ҳам ижобий таъсир кўрсатиб, бугунги кунда ушбу солиқ тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 бараварга ошди.
Яратилган қулайликлар, солиқ юкининг тенглаштирилиши ва кўрилган тадбирлар ижтимоий тармоқларда келтирилганидек солиқ қонунчилиги нормалари бузилишининг ошишига эмас, аксинча пасайишига хизмат қилиб солиқ қонунчилиги бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар 2021 йил якуни билан 4 бараварга камайди.
Шу ўринда, солиқ органлари тўғри солиқ режимини танлашга кўмаклашиш, барчага бир хил рақобат шароитини яратиш ишларини давом эттиришлари ҳамда жорий этилган янги инструментлар ва савдо қоидаларига риоя этилиши бўйича кенг жамоатчиликнинг жалб этилиши солиқларни тўлашдан қочишнинг ҳар қандай кўринишини вақтида қайд этиш ва тегишли таъсир чораларини амалга ошириш имкониятини бериши муносабати билан тадбиркорлик субъектларини қонуний ишлашлари манфаатли эканлигини маълум қилади.