Бандлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. (20.10.2020 й., ЎРҚ-642-сон).
Бандлик фуқароларнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган, ўз шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларини қаноатлантириш билан боғлиқ бўлган, уларга иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган фаолиятидир.
Бандлик борасида фуқароларнинг бир неча тоифалари мавжуд, шу жумладан, ўзини ўз банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлар ҳам иш билан банд фуқаролар ҳисобланади. (4-модда).
Мазкур Қонунга кўра, давлат бошқаруви органлари меҳнат бозорини ривожлантиришни, аҳоли бандлигини таъминлашни назарда тутувчи тузилмавий, молиявий, кредит, инвестицига оид ва солиқ сиёсатини амалга оширишга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқади (11-модда) ва оилавий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни, шахсий ёрдамчи хўжаликларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни, касаначиликни ривожлантиришга кўмаклашади.
Қонунда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун алоҳида банд мавжуд. Саккизинчи бобда ўзини ўзи банд қилишга оид муҳим мезонлар белигланган.
Меҳнатга лаёқатли шахсларни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олиш рўйхатга олинганлик фактини тасдиқловчи матрицали штрих код (QR код) берилган ҳолда махсус мобил илова (Давлат солиқ қўмитасининг SOLIQ мобил иловаси назарда тутилмоқда) ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабар қилиш тартибида амалга оширилади. Ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолиятида ишчи ёллашга ёки иш берувчига эга бўлишга ҳақли эмас. Ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда ўзини ўзи банд қилганлик мақоми бекор қилинади. (35-модда)
36-моддада Ўзини ўзи банд қилган шахсларга солиқ солиш кўрсатиб ўтилган. Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлар жисмоний шахснинг ялпи даромади таркибига киритилмайди. Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида амалда ишлаб берилган вақтдан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдори ставкасининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ижтимоий солиқ тўлайди. Ушбу солиқ суммаси бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўлиқ йўналтирилади. Имтиёзлар, микрокредитлар, ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қўлланмалар 37-моддада кўрсатиб ўтилган.
Қонунга мувофиқ белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга. Ишсизлик нафақаси ишсиз деб тан олинган шахсга у маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган биринчи кундан эътиборан ҳисобланади ва тўланади. Ишсизлик нафақасига солиқ солинмайди. Кейинги моддаларда ишсизлик нафақасини тўхтатиб туриш ва тугатиш асослари кўрсатилган. (11-боб, 51-модда).
Ушбу Қонун Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган чет эл фуқароларига нисбатан қўлланилади.
ДСҚ Матбуот хизмати