Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасида давлат солиқ хизмати органлари ходимлари учун, Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифалар мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир ташкил этилди.
Унда Тошкент давлат транспорт университети бухгалтерия ҳисоби кафедраси доценти Исмоил Раҳимбердиев ва Тошкент давлат транспорт университети докторанти Санжар Қандахаров иштирок этди.
Таъкидланганидек, мурожаатномада жаҳонда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқироз шароитида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётини ислоҳ қилишдаги стратегик мақсадларга катта эътибор қаратилган.
Хусусан, пандемия даврида иқтисодиётнинг барқарор ишлаши учун тадбиркорлар давлат билан тенгма-тенг ҳисса қўшгани алоҳида эътироф этилиб, уларни янада қўллаб-қувватлаш масаласига эътибор қаратилди. Жумладан, 2021 йилда “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида бизнес ҳамкорларнинг солиқ қарздорлиги ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилиши қайд этилди.
Мурожаатномада келтирилишича, пандемия шароитида айланма маблағ танқислигига дуч келган тадбиркорларга “оёққа туриб олишлари” учун кўмак бериш давом эттирилади. Туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳаларига берилган имтиёзлар келгуси йил якунигача узайтирилади.
Шунингдек, 20 мингта тадбиркорнинг 400 миллиард сўмлик ер ва мол-мулк солиғини тўлаш муддати ҳамда тадбиркорлик субъектларида текширишлар ўтказишга бундан 4 йил олдин эълон қилинган мораторий муддати ҳам яна бир йилга узайтириш таклиф этилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда шу каби устувор мақсад-вазифаларни амалга оширишда давлат солиқ хизмати органларининг ўрни ва иштирокига алоҳида тўхталиб, ўзаро фикр алмашилди. Мурожаатномада белгиланган асосий йўналишларга оид зарур чора-тадбирлар ижросини таъминлаш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.