Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 13 майдаги Фармони билан Шерзод Кудбиев Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимига тайинланди. Унга “Солиқ хизматининг III даражали давлат маслаҳатчиси” махсус унвони берилди.
Шерзод Кудбиев 1981 йил Фарғона вилоятида туғилган. У Фарғона политехника институтини молия ва кредит мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2007 йилгача мазкур институтда турли лавозимларда ишлаган.
Ш. Кудбиев меҳнат фаолиятини 2007 йилда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигида Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни бошқариш бўйича катта мутахассис сифатида бошлаган.
2016 йилдан 2018 йилгача Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимида ишлаган. 2018 йил апрель ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимига тайинланган.
Шерзод Кудбиев ДСҚ раислигига тайинлангунга қадар 2019 августдан буён Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Ш.Кудбиев Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига ўтказилган Бехзод Мусаев ўрнини эгаллади.
ДСҚ Матбуот хизмати.