Оммавий ахборот воситаларида Давлат солиқ қўмитасининг икки ходимида коронавирус инфекцияси аниқлаганлиги ҳақида хабар тарқалди.
Давлат солиқ қўмитаси мазкур хабар юзасидан расмий маълумот беради:
Коронавирус инфекцияси пойтахтнинг бошқа туманида жойлашган Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги малака ошириш маркази ходимида аниқланган, хабарда келтирилганидек Давлат солиқ қўмитаси марказий аппарати бўлим бошлиғи ва унинг ҳайдовчисида эмас.
ДСҚ ходимлари инфекция аниқланган одам билан алоқада бўлишлари мумкинлигини ҳисобга олиб, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳозирда барча Марказий аппарат ходимлари COVID19 га тест топширмоқда.
Таъкидлаш лозимки, ДСҚда иш жараёни карантин стандартларига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда:
– қўмита биносига кирганда барча ходимлар ҳарорати ўлчанади;
– бинонинг ичида ҳам, ташқарисида ҳам мунтазам равишда санитария ҳолати таъминланган;
– ҳар бир қаватда антисептик воситалар мавжуд;
– барча ходимлар тиббий ниқобда ижтимоий масофани сақлаган ҳолда фаолият олиб бормоқда.
❗️Эслатиб ўтамиз, мамлакатимизнинг амалдаги қонунчилигига кўра, ёлғон маълумотларни тарқатганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.
Ҳурматли фуқаролар! Сизлардан фақат расмий манбалар орқали берилган маълумотларга ишонишингизни сўраймиз.
ДСҚ Матбуот хизмати