Маълумки, шу кунгача Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ўртасида реактив энергияга устама учун қўшилган қиймат солиғи тўланиши борасида бир қатор ноаниқликлар мавжуд эди.
Мазкур ноаниқликнинг сабаби “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан реактив энергияни реализация қилишдан олинадиган даромаддан ҚҚС ҳисобланмасдан ва тўланмасдан келинаётгани эди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, мазкур жамият таркибига кирувчи электр станциялар (ИЭС ва ГЭС) томонидан ўтган 2016 — 2020 йиллар давомида жами 50,9 млрд.кВАр.соат 852,7 млрд.сўмлик реактив энергия ишлаб чиқарилган ва тармоққа узатилган.
Давлат солиқ хизмати органлари, хусусан, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси Солиқ кодексининг 45- ва 238-моддаларига асосланган ҳолда электр энергия — товарлар, деб эътироф этилиб, товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма ҚҚС солиқ солиш объекти ҳисобланишини таъкидлаб келмоқда.
Давлат солиқ хизмати органлари ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ўртасидаги ноаниқликка суд нуқта қўйди. Яъни, Хоразм ва Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаcи билан бўлган навбатдаги суд жараёнининг апелляция инстанциясида ҳам Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси позицияси қонуний ва тўғри деб топилди. Шунингдек, Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан бўлган суднинг биринчи инстанцияси якунида ҳам худди шундай қарор қабул қилинди.
ҲЭТКнинг позициясини қувватлаган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфидаги ОТМлар ўз хулосаларини суддан инобатга олмасликни сўрашди. Жумладан, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Фарғона политехника институти вакиллари ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддилари муҳокамадаги масала юзасидан қонун ва норматив ҳужжатлар бўйича ёндашиш ёки ваколатли ташкилотлардан тегишли хулосалар олиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб, ОТМ вакиллари томонидан аввал берилган хулосани юридик кучга эга эмас, деб ҳисобланишини сўрашган.
Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси мутахассислари томонидан аниқланган маълумотларга кўра, 14 та ҲЭТК томонидан жами 38,5 млрд.кВар соат 585,4 млрд. сўмлик (2016 йилда — 72,1 млрд., 2017 йилда — 86,9 млрд., 2018 йилда — 94,6 млрд., 2019 йилда — 174,4 млрд., 2020 йил 9 ойида — 157,3 млрд.сўм) реактив энергия шартномалар асосида реализация қилинганлиги ва 109,2 млрд. сўмлик қўшилган қиймат солиғи бюджетга тўланмасдан қолганлиги маълум бўлди.
Якунда Давлат солиқ хизмат органлари мавжуд қонунлардан келиб чиққан ҳолда фаолият олиб боришини алоҳида таъкидлашни истардик. Ўз навбатида, солиқ тўловчилардан ҳам амалдаги қонуний тартибларга риоя қилган ҳолда солиқ ва йиғимларни ўз муддатида амалга оширишларини сўраймиз.
Унутманг, Давлат солиқ хизмати органлари — инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкоридир!
Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро
давлат солиқ инспекцияси Матбуот хизмати