Мамлакатимизда амалга оширилаётган солиқ ислоҳотларининг самараси ўлароқ солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш борасида қатор ижобий натижаларга эришиб келинмоқда. Буни бу соҳада қабул қилинаётган солиққа оид қонун ҳужжатларида яққол кўришимиз мумкин.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4389-сонли қарори билан Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш стратегияси тасдиқланган.
Хизмат кўрсатишга йўналтирилган солиқ хизматларини ривожлантириш, хусусан, солиқ тўловчилар солиқ мажбуриятларини ихтиёрий равишда бажаришлари учун уларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш мазкур Стратегиянинг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3802-сонли қарорига мувофиқ экстерриториаллик принципи асосида солиқ тўловчилар ўз солиқ мажбуриятларини ихтиёрий бажариши, бизнесини қонуний, шаффоф ва қулай юритиш учун мақбул шарт-шароитлар яратиш, солиқ тўловчиларнинг қониқиш даражасининг ошишини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 320-сонли қарорига асосан солиқ тўловчилар ўз солиқ мажбуриятларини ихтиёрий бажариши учун мақбул шарт-шароитлар яратиш, ҳар бир ходим томонидан “Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” деган мақсадли вазифани сўзсиз бажариш Давлат солиқ қўмитасининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Юқорида назарда тутилган асосий йўналишлар, муҳим ва мақсадли вазифаларни ижросини таъминлашда бир қатор ижобий натижаларга эришилди. Хусусан, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига Давлат солиқ қўмитасининг “my.soliq.uz” расмий сайтида 46 та электрон давлат хизматлар орқали давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини ихтиёрий бажаришда мунтазам ва самарали хизмат қилиб келинмоқда.
Солиқларни ихтиёрий тўлаш имкониятларидан яна бири бу электрон тўлов тизимлари (payme, click, u-pay, munis, apelsin ва ҳ.к.) ҳисобланади.
2021 йил I ярим йиллигида эса жисмоний шахслар томонидан декларация, мол-мулк, ер бўйича ҳисобланган ярим трилион сўмга яқин солиқлар мазкур электрон тўлов тизимлари орқали бюджетга ўтказилган.
ДСҚ Солиқ қарзини ундиришни ташкил қилиш департаменти директори.