Мамлакатимиз Президенти жорий йилнинг 17 март куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунни имзолади.
Қонунга мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 192-1-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тадбирларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмаслик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, бундай маросимларни ўтказиш тартибини бузган тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахсларига БҲМнинг ўттиз баравари миқдорида жарима солинади. Улар томонидан ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, жарима БҲМнинг эллик баравари миқдорида белгиланади.
Ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг етмиш фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади.
Жарима солиш тўғрисидаги қарорни ижро этишнинг соддалаштирилган тартиби қуйидаги ҳолларда қўлланилмайди:
- маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун суд томонидан жарима солинганда;
- жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда ёки протест билдирилганда;
- худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилганда.
Қонунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириши белгиланди. Давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, ва қилишни таъминлайди.
ДСҚ матбуот хизмати.