Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 августдаги ПҚ-5232-сонли Қарорига асосан 2021 йил 1 сентябрдан 31 декабргача юридик шахслардан олинадиган ер солиғи имтиёзни қўллаш учун аниқлаштирилган ҳисобот тақдим этиш бўйича қўлланма.
1. Солиқ кодексининг 431-моддасига асосан юридик шахслар томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича солиқ даврининг 1 январига бўлган ҳолатга кўра ер солиғининг ҳисоботини жорий солиқ даврининг 10 январига қадар тақдим этади.
Солиқ даври мобайнида солиқ базасида ўзгариш бўлганда юридик шахслар бир ойлик муддат ичида солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи қайта тақдим этилиши белгиланган.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 августдаги ПҚ-5232-сонли Қарорига асосан 2021 йил 1 сентябрдан 31 декабргача юридик шахслардан олинадиган ер солиғи имтиёзини қўллаш учун аниқлаштирилган ҳисобот тақдим этилиши лозим (2021 йил 1 октябрга қадар тақдим этилиши мақсадга мувофиқ).
3. Қишлоқ хўжалиги аҳамиятига молик бўлмаган ерлар учун тўланадиган ер солиғи ҳисоб-китобининг 010-040 сатрлар ҳисобот шаклларининг 1-иловаси (солиқ тўловчининг ер участкалари тўғрисида маълумот) ва 2-иловасини (солиқ солинмайдиган ерлар) тўлдириш орқали автоматик шаклланади.
Ҳисоб-китобнинг 040-сатрида 2021 йил учун бюджетга тўланиши лозим бўлган жами солиқ суммаси акс эттирилган.
Қарорга асосан имтиёз жорий йилнинг 1 сентябридан 31 декабригача 4 ойга берилди.
Қўлланилиши лозим бўлган имтиёзнинг жами суммаси солиқ ҳисоб-китобида алоҳида кўрсатилмайди.
Имтиёз берилган давр учун ер солиғи суммасини камайтириш солиқ ҳисоботида қуйидагича акс эттирилади:
а) айланмадан олинадиган солиқ тўловчи бўлмаганлар томонидан
2021 йил учун ҳисобланган жами солиқ суммаси (ҳисоб-китобнинг
040-сатри) 12 га бўлиниб, 0401, 0402, 0403, 0404, 0405, 0406, 0407, 0408, 0409, 0410, 0411, 0412-сатрларга тенг тақсимланган ҳолда ёзилган.
Мазкур сартлар солиқ тўловчи томонидан тўлдирилади.
Ҳисоб-китобнинг 0409, 0410, 0411, 0412-сатрларига “0” ёзиш орқали сентябрь, октябрь, ноябрь, декабрь ойлари учун ҳисобланган солиқ суммаси камайтирилади.
Мисол учун, корхонага 2021 йил учун 24 000 000 сўм ер солиғи ҳисобланган. Ушбу сумманинг 1/12 қисми 2 000 000 сўмга (24 000 000/12) тенг бўлади.
Корхонага ҳар ой учун 2 000 000 сўм ер солиғи ҳисобланган.
Қарорга асосан сентябрь, октябрь, ноябрь, декабрь ойларига 8 0000 000 сўм имтиёз қўлланилган ҳолда тўлдирилади.
Имтиёз суммасини қўллашда ҳисоб-китобнинг 2-иловаси 0201-сатри 3-устунига имтиёзга эга бўлган ер майдони ҳамда 4-устинига амалдаги солиқ ставкасининг 4/12 қисми ёзилади, яъни 8 000 000 (амалдаги солиқ ставкаси 24 000 000 сўм/12*4) сўм ёзилади.
б) айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар томонидан
2021 йил учун ҳисобланган жами солиқ суммаси (ҳисоб-китобнинг 040-сатри) 4 та чоракка бўлиниб, 0401, 0402, 0403, 0404-сатрларга тенг тақсимланган ҳолда ёзилган.
Мазкур сартлар солиқ тўловчи томонидан тўлдирилади.
Йиллик солиқ суммаси 12 га бўлиниб, бир ой учун ҳисобланган солиқ суммаси аниқлаб олинади.
III чорак учун ҳисобланган суммадан (0403-сатр) бир ой учун ҳисобланган сумма камайтирилади, шунда III чоракда июль ва август ойлари учун ҳисобланган солиқ суммаси қолади.
IV чорак учун ҳисобланган суммадан (0404-сатр) уч ой учун ҳисобланган сумма камайтирилади.
Мисол учун, корхонага 2021 йил учун 20 400 000 сўм ҳисобланган. Ушбу сумманинг 1/12 қисми 1 700 000 сўмга (20 400 000/12) ва 2/12 қисми 3 400 000 сўмга тенг бўлади.
Корхонага ҳар чорак учун 5 100 000 сўм ер солиғи ҳисобланган.
III чорак учун ҳисобланган сумма 1 700 000 сўмга камайтирилиб, 0402-сартга 3 400 000 сўм ёзилади,
IV чорак учун ҳисобланган сумма 5 100 000 сўмга камайтирилиб, 0403-сартга 0,0 сўм ёзилади.