ЎРҚ-923-сон Қонун (02.04.2024) билан айрим тадбиркорларга солиқ имтиёзлари беришни назарда тутувчи қўшимчалар киритилди.
Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришга асосан “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” давлат дастурига киритилган тадбиркорларга табақалашган миқдорларда солиқ имтиёзлари ва преференциялар тақдим этиш назарда тутилмоқда.
Хусусан, Солиқ кодексининг 482 ва 483-моддаларига қуйидаги қўшимчалар киритилмоқда:
01.01.2025-yilga қадар “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурига киритилган тадбиркорларга мол-мулк ва ер солиқларини 50 %дан 100 %гача камайтирилган ставкаларда тўлаш;
барча солиқларни (ҚҚС ва солиқ агентлари сифатида тўланадиган солиқлар бундан мустасно) ва божхона тўловлари бўйича таъминотсиз ва фоизсиз 3 ойдан 12 ойгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти тақдим этилмоқда.
Ушбу имтиёзлар “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурига киритилган тадбиркорларга улар бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этган тақдирда берилади:
▫️“Ижтимоий ҳимоя ягона реестр”даги фуқаролар ишга қабул қилинганда, уларга 1 йил давомида ҳар ой 1 млн сўмдан кам бўлмаган иш ҳақи тўлаганда;
▫️“Ижтимоий ҳимоя ягона реестр”даги фуқаролар ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этганда.
Ушбу имтиёз ва преференциялар Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган тадбиркорларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Ҳисоб-китобларга кўра мазкур имтиёзлар бўйича тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида 135 млрд сўм маблағлар қолиши кутилмоқда.
Изоҳ. Мазкур солиқ имтиёзлари ва преференциялари 01.07.2023-yildan этиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Солиқ солиш методологияси бошқармаси