Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 26 июндаги ПҚ-3802-сон қарорига мувофиқ хўжалик юритувчи субъектлар томонидан электрон ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланишни жорий этиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг «Солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 6 октябрдаги 807-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш тизимини жорий этиш бўйича 2018 йил 15 октябрдан 2019 йил 1 февралга қадар Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри, Навоий ва Сирдарё вилоятлари ҳудудида тажриба ўтказилди.
Тажриба лойиҳасини ўтказиш жараёнида 17 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар электрон ҳисобварақ-фактуралар тизимидан фойдаланишди.
Тажриба лойиҳаси натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги “Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 522-сонли қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ республика ҳудудида 2019 йил 1 июлдан бошлаб ихтиёрий равишда, 2020 йил 1 январдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш тизимини мажбурий тартибда жорий этиш белгиланган.
Қарор билан “Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган ва қўйидаги янги тушунчалар киритилган:
электрон ҳисобварақ-фактура (кейинги ўринларда ЭҲФ деб аталади) — товарларни (ишлар, хизматларни) реализация қилиш ва сотиб олишни тасдиқлайдиган, ЭҲФ айланиш тизими операторлари орқали тақдим этиладиган ва қабул қилинадиган, қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган шаклларда расмийлаштирилган электрон ҳужжат;
электрон ҳисобварақ-фактура айланиш тизими оператори (кейинги ўринларда оператор деб аталади) — қонун ҳужжатларида ва ушбу Низомда белгиланган талабларни бажарган ЭҲФларнинг айланиши ва уларни сақлаш фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилган юридик шахс мақомига эга ахборот воситачиси;
роуминг оператори — ЭҲФларнинг марказлаштирилган ҳолда сақланиши, операторлараро узатилиши ва ҳисоби юритилишини таъминлайдиган юридик шахс;
электрон ҳисобварақ-фактура идентификатори — ЭҲФни масофадан идентификация қилиш имконини берувчи роуминг операторининг ахборот тизими томонидан автоматик равишда белгиланадиган ЭҲФнинг ўзига хос рақами;
электрон ҳисобварақ-фактура айланиш тизимининг иштирокчилари (кейинги ўринларда иштирокчилар деб аталади) — ЭҲФ айланиш тизимида товарларни (ишлар, хизматларни) сотувчи ва сотиб олувчи юридик ва жисмоний шахслар;
QR-код — тасдиқланган ЭҲФга бириктириладиган ва ҳужжат қоғоз шаклида чоп этилганда кўрсатиладиган, мобил иловалар ва дастурий маҳсулотлар орқали ўқиш (сканерлаш) вақтида ЭҲФ ҳақида барча маълумотларга ҳавола бўладиган махсус график код.
Электрон ҳисобварақ-фактураларнинг солиқ тўловчилар учун афзалликлари:
1. Анъанавий ҳисобварақ-фактураларни қоғозда тайёрлашда сарфланадиган моддий ва инсон ресурсларини тежаш;
2. Ҳисобварақ-фактураларни қулай ва осон юритиш;
3. Ҳисобварақ-фактураларда ҚҚС ҳисоблаш билан боғлиқ хатоликларни олдини олиш;
4. ҚҚС билан боғлиқ хисоботларни юбориш жараёнини автоматлаштириш.