1. 2024 йил 1 апрелдан бошлаб дори воситаларини, ветеринария дори воситаларини, тиббиёт ва ветеринария учун мўлжалланган буюмларни реализация қилиш бўйича айланмага ҚҚС бўйича имтиёз бекор қилинди.
ЎРҚ-891-сон Қонун 28.12.2024 йил
Агар корхонанинг 2024 йил 1 апрель ҳолатига дори воситалари, ветеринария дори воситалари ҳамда тиббиёт ва ветеринария учун мўлжалланган буюмлар бўйича қолдиқ товарлари мавжуд бўлса, ушбу товарлар реализация қилинганда ҳисобварақ-фактуралар ҚҚС билан расмийлаштирилади.
2. 2024 йил 1 апрель ҳолатига корхона ҳисобида бўлган дори воситалари, ветеринария дори воситалари, тиббиёт ва ветеринария учун мўлжалланган буюмлар имтиёзсиз (ҚҚС билан) кирим қилинган бўлса, мазкур товарлар қолдиғи бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиш мумкинми?
ҚҚС имтиёзи бекор қилинган тақдирда, солиқ тўловчи солиқ органида ҚҚС тўловчи сифатида махсус рўйхатдан ўтган санада ўз балансида мавжуд бўлган товар-моддий қолдиқларнинг сўнгги 12 ой ичида кирим қилинганлари бўйича ва узоқ муддатли активларнинг баланс қийматида ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга.
3. Дори воситалари ва тиббий буюмларни улгуржи ва чакана сотишда чекланган савдо устамалари қўлланилиш белгиланган. Бунда 12 % ҚҚС суммаси ҳам устаманинг таркибида бўладими?
Четдан олиб келинадиган ва мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари воситачилар сонидан қатъий назар улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 %дан ортиқ бўлмаган миқдорларда устама белгиланди, чакана савдода эса, улгуржи нархидан 20 %дан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилади.
Ижтимоий дорихоналар томонидан иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, харид қилиш нархи ёки улгуржи нархнинг 10 %идан ортиқ бўлмаган чекланган савдо устамаси кўлланилган ҳолда чакана сотилади.
Бунда товар таннархига дастлаб улгуржи савдода ишлаб чиқарувчи (импорт қилувчи) ҚҚСсиз нархига 15%, чакана савдода улгуржи нархига 20 % миқдорида устама қўйилади ва 12 % миқдорида ҚҚС ҳисоблаб реализация қилинади.
4. Дорихоналар 2024 йил 1 апрель ҳолатида мавжуд бўлган қолдиқ товарларини ҚҚСсиз сотса бўладими?
Йўқ. 2024 йил 1 апрелдан дорихоналарга сотилган дорилар учун қўлланиладиган ҚҚС бўйича имтиёз бекор бўлганлиги сабабли 2024 йил 1 апрель ҳолатида қолдиқдаги барча товарлар ҚҚС билан сотилиши шарт.
Солиқ солиш методологияси бошқармаси