Тадбиркорлар ва аҳоли орасида қонуний бизнес юритишнинг нуфузини ошириш ҳамда ҳалол тадбиркорликни қўллаб қуватлаш мақсадида, Давлат солиқ қўмитаси томонидан фаолиятида солиқларни тўлашдан қочишнинг турли хил схемаларидан фойдаланганлик ҳолатлари кузатилган «Шубҳали» корхоналар рўйхати шакллантирилди.
Солиқ тўловчилар ўз фаолиятлари давомида лозим даражада эхтиёткор бўлишларига кўмаклашиш мақсадида, Шубҳали корхоналардан иборат рўйхат Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилинди.
Бунда биринчи босқичда 396 та ва иккинчи босқичда 129 та шубҳали корхона аниқланди. Учинчи босқичда эса рўйхатга 53 та корхона киритилди.
Дастлабки босқичларда шубҳали деб топилган корхоналарнинг солиқ қонунчилигига риоя этилиши бўйича ўтказилган солиқ текширувлари натижасида 4 та корхонада «шубҳали» деб топилишига асос бўлган ҳолатлар тўлиқ бартараф этилганлиги сабабли улар рўйхатдан чиқарилди. Шу тариқа шубҳали корхоналар сони 574 та бўлди.
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра, ҳозирга қадар шубҳали корхоналар билан ҳамкорлик қилган котрагентлар томонидан ноқонуний ҳисобга олинган ҚҚС суммаси 1,2 трлн. сўмдан зиёдни ташкил этмоқда.
Шу боис шубҳали корхоналар контрагентларига ноқонуний ҳисобга олинган ҚҚС суммаларига тузатиш киритиш ҳақида хабарномалар юборилди.
Бугунги кунгача солиқ тўловчиларнинг мурожаатлари асосида «шубҳали» корхоналар конрагентларида ўтказилган камерал солиқ текширувлари натижасида 97 фоиз ҳолатда ҚҚС суммасини ноқонуний ҳисоб (зачет)га олиш факти тасдиқланди
Назорат тадбирлари ўтказилган 3 фоиз солиқ тўловчилар томонидан ҚҚС суммасини тўғри ҳисоб (зачет)га олганлиги ҳолатлари бўйича асословчи ҳужжатлар тақдим этилди. Шу сабабли улардан ортиқча олинган маблағларни қайтариш бўйича тезкор жараёнлар бошланди.
Шунингдек камерал солиқ текширувлари натижасида контрагентлар хатолари тасдиғини топган бўлсада, тадбиркорлик субъектларини узлуксиз фаолият кўрсатишларига шароит яратиш мақсадида, камчиликларини тан олган 567 га яқин субъектга 68 млрд. сўмлик бюджетга тўланиши лозим суммаларни жорий йил якунига қадар тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашларига рухсат берилди.
Давлат солиқ қўмитаси жорий йилнинг 1 майига қадар, «шубҳали» корхоналар конрагентлари асоссиз ҳисобга олинган ҚҚС суммаси бўйича ихтиёрий қайта ҳисобот топширган тақдирда мазкур корхоналар мансабдор шахслари маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилмаслигини маълум қилади.
ДСҚ Матбуот хизмати