Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш мақсадида давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш жараёнлари онлайн тарзда амалга ошириб келинмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарорига асосан давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъектлари Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали бир вақтнинг ўзида солиқ органларида ҳам ҳисобга олинади.
Яъни, юридик шахснинг рўйхатга олиш маълумотлари (номи, юридик манзили, таъсисчиси, фаолият тури, устав фонди миқдори ва ҳ.к) автоматик тарзда солиқ органларида ҳам шаклланади.
Ўз навбатида юридик шахс фаолиятини йўлга қўйгандан сўнг раҳбари (мавжуд бўлса ҳисобчиси) тўғрисидаги маълумотларни (паспорт маълумотлари, СТИР, телефон рақами) белгиланган тартибда солиқ органларига тақдим этиши лозим.
Ушбу тартиб Адлия вазирлигида 2014 йил 10 июлда 2600-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Солиқ солиш объектлари ҳамда солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида”ги Низомда белгилаб берилган.
Шунингдек, юридик шахс тўғрисида қўшимча маълумотлар юзага келганда ёки раҳбар (ҳисобчи) маълумотлари ўзгарганда юридик шахснинг мансабдор шахси томонидан ушбу Низомнинг 9-иловасига мувофиқ шаклда Солиқ тўловчи — юридик шахс тўғрисида қўшимча маълумотлар варақаси тўлдирилиб солиқ органларига тақдим этилади.
Солиқ тўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида ушбу маълумотларни шахсий кабинет орқали электрон тарзда тўлдириш ва солиқ органларига юбориш имконияти яратилган. Бунда маълумотлар реал вақт режимида ўзгартирилади.
Шунга кўра, маълумотлар базасида солиқ тўловчи юридик шахсларнинг ҳисоб маълумотларида камчиликлари мавжуд корхоналарга (раҳбар ҳамда ҳисобчи) юзага келган камчиликларини шахсий кабинет орқали бартараф этишлари мумкинлиги юзасидан хабарнома юборилди.
Ушбу маълумотларнинг тўлиқ бўлиши ва ўз вақтида янгиланиши солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили доирасида улар фаолиятида юзага келаётган муаммолар ва таклифларни ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.