Адолатлилик ва шаффофлик тамойилларига асосланган ҳолда Давлат солиқ қўмитаси ютуқли чек ўйинларини ўтказиш тартибига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.
Мақсад – шаффофлик ва адолатлиликни таъминлаган ҳолда онлайн НКМ ёки виртуал касса чекларни рўйхатдан ўтказиш жараёнини соддалаштириш.
Қоидаларга риоя қилинг, албатта чекнинг асл нусхасини бутун ҳолатда сақланг – регламентга кўра, мукофот эгасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан бутун ҳолатдаги, яроқсиз бўлмаган чек тақдим этилгандан кейин берилади.
- Ҳар бир фойдаланувчига битта савдо нуқтаси учун кунлик рўйхатга олиш лимити белгиланди. Энди битта иштирокчи бир кунда битта савдо шохобчасининг фақат 2 та чекини рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқига эга. Бунда рўйхатдан ўтказиладиган чекларнинг умумий сони чекланмаган.
- Ютуқли ўйинларда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтказиладиган чек учун харид нархининг минимал чегараси белгиланди. Бу шуни англатадики, агар харид 1000 сўм ва ундан ортиқ суммада амалга оширилган бўлса, чек рўйхатдан ўтказилади.
- Чек аввалдан рўйхатдан ўтказилган бўлса, алоқа рақами кўрсатилади. Энди истеъмолчи чекни сканер қилиб ва рўйхатдан ўтказиб (SOLIQ иловасида ҳам, SMSдан фойдаланганда ҳам) ушбу чекка алоқадор телефон рақамини кўради.
- Техник муаммоларни тезда ҳал қилиш. Aгар рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ муаммолар юзага келса, масалан, истеъмолчи чек олдиндан рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида маълумот олса, у ютуқли ўйинларнинг навбатдаги тиражигача @DSQ_Pressa'да мурожаат қолдириши керак. Ишчи гуруҳи мурожаатни ўрганиб чиқади.
- Мақсадли ёндашув. Ютуқли чек ўйинларининг оммавийлиги ва иштирокчилар сонининг ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда, ДСҚда ютуқли ўйинда иштирок этувчи фуқаролар мурожаатларига зудлик билан жавоб бериш учун Солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ва "Янги технологиялар" ИАМ мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилди.
- Қайта алоқа. Ютуқли чек ўйинлари билан боғлиқ бўлган барча саволлар бўйича Call-марказнинг 1198 қисқа рақамига мурожаат қилиш мумкин. Ютуқли чек ўйинлари ҳақидаги барча маълумотлар ДСҚ расмий веб-сайти – soliq.uz'да, шунингдек солиқ хизматининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида мавжуд.