Бугун, 29 апрель куни ДСҚ ютуқли чек ўйинлари тўртинчи тиражи ўтказилди. Ушбу тиражда 205 750 та чек иштирок этди. Бу ютуқли ўйинларда чекларни рўйхатдан ўтказиш бўйича янги рекорд ҳисобланади.
Ўйин очиқ ва шаффоф тарзда «O‘zbekiston» телеканалида тўғридан тўғри эфирга узатилди. Шунингдек маҳаллий вақт билан 17:00 дан 18:30 гача ижтимоий тармоқларда ҳам трансляция қилинди. Ўйинда кузатувчи сифатида давлат ва нодавлат ташкилот вакиллари, журналистлар ҳамда таниқли хонандалар иштирок этди.
Совринлар ўзгармади. 5 дона пул мукофоти, 3 дона телевизор, 3 дона кондиционер, 3 дона газ плитаси, 3 дона уяли алоқа телефони, «Хумсон» санаторийсига 3 дона йўлланма, 4 дона велосипед ва Супер ютуқ – Chevrolet Spark автомобили ўйналди. Ушбу тиражда супер ютуқ – Chevrolet Spark автомобили харид миқдори бор йўғи 15 минг сўм бўлган чекни рўйхатдан ўтказган Тошкент шаҳрида (Учтепа тумани) истиқомат қилувчи истеъмолчига насиб этди.
Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри истеъмолчилари ҳам совриндорлар қаторидан ўрин олди.
Ютуқли ўйинлар Ўзбекистондаги барча истеъмолчилар ўртасида ўтказилмоқда!
Ўйинда иштирок этиш учун онлайн-НКМ ва виртуал касса қурилмаларидан берилган чекларнинг QR-кодини Soliq, PayMe, Click мобил иловаларида сканер қилиш ёки 12 сондан иборат фискал белгисини 1077 рақамига SMS тарзда юбориш орқали рўйхатдан ўтказиш талаб этилади холос.
Фоторепортажда жонли эфирдан ёрқин лаҳзалар муҳрланган.