Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси
Размер шрифта 15 px
A - A +
Цвета сайта
Ц Ц Ц Ц Ц
Изображения
Дополнительно
Настройки
Междустрочный интервал
Стандартный Средний Большой
Межбуквенный интервал
Одинарный Полуторный Двойной
Встроенные элементы (Видео, карты и тд.)
Включить Выключить
71 202-32-82
/ 1198
Call-марказ
Ҳудудий органлар
11-01-2020
Андижонда ДСҚ раиси Бехзод Мусаев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан нималар ўзгарди? Тадбиркорлик субъектлари учун қандай қулайликлар яратилди?

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Бехзод Мусаев бошчилигидаги тарғибот гуруҳи  Андижонда вилоят тадбиркорлари билан ўтказган очиқ мулоқотида ана шу каби саволларга батафсил жавоб берилди.


Қўмита раиси сўзи аввалида Янги таҳрирдаги Солиқ кодексига мамлакат тараққиётининг таянчи бўлган инсофли, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритаётганларнинг қонуний ишлаши учун шарт-шароит яратишга хизмат қиладиган нормалар киритилганлигига алоҳида тўхталди. Бундан кўзланган мақсад фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, балки уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлишига эришиш эканлигини таъкидлади.


Дарҳақиқат, солиқ органи хўжалик юритувчи субъектлар ҳузурига борган ҳолда муаммо ва таклифларини тинглаб, уларга биргаликда ечим топиб, иш фаолиятига ёрдам берувчи идорага айланганлиги ҳам Солиқ кодексида белгилаб қўйилганлигини айтди. 

Хусусан, 9-моддада солиқ органлари солиқ муносабатлари доирасида солиқ тўловчилар билан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тўғри бажариш мақсадида ҳамкорлик қилиши шарт эканлиги алоҳида қайд этилган. Бу эса Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг бир сўз билан ифодалаганда, шаффоф эканлигига исбот.

Масалан, авваллари солиқ тўловчилар солиқ мажбуриятларини вақтида бажармаган тақдирда пеня ҳисобланиб ундирилар эди. Бироқ солиқ органлари томонидан ортиқча ундирилган солиқларни ўз вақтида қайтариб бермаган ҳолларда, уларга ҳеч қандай чора кўрилмас эди. Бу эса тадбиркорларда айланма маблағлари етишмаслигига олиб келиб, молиявий аҳволига салбий таъсир кўрсатарди.


Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида ортиқча тўланган маблағларни солиқ тўловчиларга фоизи билан қайтариб бериш  мажбурияти юкланди. Бу – солиқ органларининг солиқ тўловчи олдидаги мажбуриятини оширибгина қолмай, ҳар икки томон ҳам қонун олдида бир хил эканлигини таъминлайди. 

- Шу пайтгача солиқ тўловчиларнинг манфаатлари бу қадар олий даражага чиқмаган эди, - дейди Андижон шаҳридаги “Консалтинг аъло хизмат” хусусий корхонаси раҳбари Шоислом Саттаев. – Бу нафақат, мен балки, барча тадбиркорлар учун хушхабар бўлди. Мени ҳайратга солгани, бугунги учрашувда қўмита раиси тадбиркорларнинг 50 дан ортиқ мурожаатига эринмай, бирма-бир, кенг миқёсда тушунтириш бергани бўлди. Корхонамиз қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланади. Мен ҳам ўз саволимга тўлиқ жавоб олдим. Янги таҳрирдаги Солиқ кодексига биноан, қўшилган қиймат солиғининг соддалаштирилган тартиби бекор қилинибди. Бу эса ушбу солиқ турининг занжири узилмас бўлганлигини англатади. Энди бемалол, ҳамма корхона билан ҳамкорлик қилишимизни таъминлайди.

- Якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритаман, - дейди Муҳаммадбобур Норинбеков. – Биз учун ҳам янгиликлар ва ўзгаришлар кўп экан. Муҳими, у тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва кичик бизнеснинг қўллаб-қувватланишига хизмат қилиши тайин. Масалан, йиллик тушуми 100 миллион сўмдан ошмаган, қатъий белгиланган солиқ тўловчиларга муқобил вариант – декларация асосида 12 фоизли солиқ тўлаш тартиби киритилибди. Ушбу ўзгариш албатта, яқин йиллар ичида кичик тадбиркорларни ҳам йирик солиқ тўловчиларга айлантиради.


Очиқ мулоқот самимий ва қизғин баҳс мунозараларга бой ўтди. Тадбиркорлар Янги таҳрирдаги Солиқ кодексидаги ҳар бир ўзгариш ва янгилик ҳақида янада кўпроқ маълумотларга эга бўлиш учун мутахассислар билан алоҳида суҳбатлашдилар ҳам. Уларни қизиқтирган мавзулар бўйича  кенгроқ тасаввурга эга бўлишлари учун махсус ахборот стендлари ҳамда слайдлар орқали батафсил тушунчалар берилиб, буклетлар тарқатилди.