Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги 522-сонли қарорига биноан 2020 йил 1 январдан бошлаб электрон ҳисобварақ-фактураларни шакллантириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш мажбурий ҳисобланади. Шунингдек, янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 47-моддасида ҳам товарларни (хизматларни) реализация қилишда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобварақ-фактурани электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида электрон шаклда бериш тартиби белгиланган.
Андижон вилоятида жами 11 мингга яқин юридик шахс томонидан товарларни (хизматларни) сотиш ва сотиб олишда 80 минг 855 дона ҳисоб-фактуралар электрон тарзда расмийлаштирилган.
Карантин шароитида электрон ҳисобварақ-фактуралар нафақат қулай хизмат, балки ундан фойдаланиш бир қатор афзалликларга эга:
Биринчидан, ҳисобварақ-фактуралар электрон шаклда шартноманинг иккала иштирокчиси – харидор ва сотувчи томонидан бир вақтнинг ўзида тасдиқланади, яъни бу ҳисоботлар бир-бирига мос келиши демакдир. Шунинг учун, бу ерда ҚҚС занжирининг узилиш хавфи бўлмайди. Бундай далиллар кўпинча солиқ хизмати томонидан аниқланади, шундан сўнг ҳисоб-китобларни асослаб бериш учун сўров юборилади.
Иккинчидан, агар корхона тўлиқ ЭҲФ тизимига ўтадиган бўлса, ҳисоботни тақдим этгандан сўнг ҳисоб-китобларнинг ҳақиқийлиги ёки реализация ва харид қилинган ҳисобварақ-фактуралар реестрларига мос равишда акс этмаслиги тўғрисида давлат солиқ хизматида савол туғдирмайди. Бу камерал солиқ текшируви билан боғлиқ тушунтиришлар ва билдиришномалар олишнинг олдини олади.
Учинчидан, ҚҚС занжирида узилишнинг йўқлиги уни қайтариш жараёнини соддалаштиради ва вақтни 1 кунгача қисқартиради. Чунки ҚҚС занжиридаги узилиш аксарият ҳолларда бундай сўровнинг рад этилишга сабаби бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, электрон ҳисоб-фактуралар бизнес ҳамкорлар ва солиқ идоралари билан шаффоф сиёсатни олиб боришга хизмат қилади.
Андижон вилояти ДСБ
Матбуот хизмати