Андижон вилояти савдо-саноат палатаси биносида тадбиркор ва бухгалтерлар учун ўқув семинари ташкил этилди.
Унда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази мутахассислари томонидан электрон ҳисобварақ-фактуралар ҳужжат айланиш тизимининг ишлаш жараёни ҳамда онлайн назорат касса машиналари ёки виртуал кассанинг қўлланилишини кўргазмали слайдлар орқали намойиш этиб, йиғилганларга батафсил маълумотлар берилди.
Маълумки, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб республика ҳудудида барча хўжалик юритувчи субъектлар учун эса ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш жорий этилди.
Бу тизим электрон ҳисобварақ-фактураларни шакллантириш ва уни энг узоқ ҳудудда жойлашган ҳамкорларга ҳам бир неча дақиқада юбориш имконини беради.
Қоғоздаги ҳужжатларни расмийлаштиришга кетадиган вақтни тежаш ва етказиб берувчи воситачилар билан боғлиқ қийинчиликлардан холи бўлишга шароит яратади.
Ортиқча харажатларнинг олдини олади. Тизим хавфсиз серверларда электрон ҳисобварақ-фактураларнинг сақланишини ва амалга оширилган электрон амалиётларнинг юридик аҳамиятини таъминлайди.
Шунингдек, бирламчи бухгалтерия ҳужжатларини расмийлаштириш тартибини соддалаштиради. Ҳисобварақ-фактуранинг электрон тизими ҳисоб-китоб ва бухгалтерия дастурлари билан интеграциялашиш имконини беради.
Семинар давомида мутахассислар янги жорий қилинган онлайн назорат касса машинаси турлари, ушбу қурилмани сотиб олишда солиқдан имтиёзлар, улардан фойдаланиш тартиби, виртуал кассанинг афзалликлари хусусида ҳам тўлиқ тушунчаларни бердилар.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган семинарда иштирокчиларнинг барча саволларига аниқ жавоблар берилиб, муаммоли масалалар ўз ечимини топди.