Тарихдаги энг йирик капиталлашган корпорация – Apple Distribution International Limited Ўзбекистонда ихтиёрий равишда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтди ва I чоракдаги фаолияти натижаларига кўра, давлат бюджетига 59,2 минг AҚШ доллари миқдорида солиқ тўлади.
Аввал хабар қилганимиздек, 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний шахсларга хизматларни электрон шаклда тақдим этадиган хориж компаниялари учун қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўлаш тартиби жорий этилган эди.
Бугунги кунга қадар Ўзбекистонда электрон хизмат кўрсатаётган 10 та чет эл компанияси “Интернет-компанияларнинг ҚҚС офиси” (http://tax.uz) орқали қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ҳудудида электрон хизмат кўрсатувчи хориж компанияси – «Google Commerce Limited» ҳам ҚҚС тўловини амалга оширган эди. Мазкур компания жорий йилнинг I чораги якунларига кўра, давлат бюджетига 85 минг евро тўлади.
Бундан ташқари, фильмлар ва сериаллар етказиб берувчи – Netflix International B.V. компанияси ҳам Ўзбекистон бюджетига 4,3 минг евро миқдорида ҚҚС тўлаган.
Чет эл компанияларининг ихтиёрий равишда рўйхатдан ўтиши ва солиқларни тўлаши ҳудудида пуллик хизмат кўрсатаётган мамлакат қонунларини ҳурмат қилишларини англатади.
Давлат солиқ қўмитаси солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган ва мамлакат бюджетини тўлдираётган хорижий компаниялар ҳақидаги хабарларни етказишни давом эттиради.
ДСҚ Матбуот хизмати.