Ўзбекистонда жорий йил 16 мартдан бошлаб коронавирус пандемияси тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида карантин эълон қилинди. Шу давр мобайнида коронавирус билан касалланган беморларни даволаш, карантин пайтида фуқаролар учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида таҳсинга сазовор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Коронавирус билан хасталанган беморларни даволашда бевосита иштирок этаётган тиббиёт ходимларини молиявий рағбатлантириш учун давлат томонидан жуда катта маблағлар ажратилди.
Касалхоналар қуриш, карантин марказлари ташкил этиш, озиқ-овқат ва дори-дармон хавфсизлигини таъминлаш – буларнинг барчаси пандемия сабабли давлатнинг режадан ташқари харажатлари рўйхатига киради.
Карантин сабабли умумий овқатланиш ва кўнгилочар марказлар ёпилди, кўплаб тадбиркорлар ўз фаолиятини тўхтатди, транспорт қатновига қатъий чекловлар қўйилди. Солиқ тўловчиларга эса қатор солиқ имтиёзлари берилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига биноан жисмоний шахслар учун мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябргача узайтирилди. Шундан келиб чиқиб, жисмоний шахсларнинг солиқ мажбуриятларини бажариш ҳуқуқи расман кечиктирилди.
Таъкидлаш жоиз, солиқ тўлаш муддатлари узайтирилганлигига қарамай, аксарият фуқароларимиз ўз масъулияти ва ҳуқуқий онг даражасини намоён этиб, уйдан чиқмаган ҳолда «Soliq», «PayMe», «Click», «UPay» каби махсус мобил иловалар ва бошқа электрон тўлов тизимлари орқали мол-мулк ва ер солиғини тўламоқда.
Хусусан, карантин даврида 15 мартдан 31 мартгача жисмоний шахслар 61,7 миллиард сўмлик мол-мулк ва ер солиғи тўлади. Булар ўзларининг солиқ мажбуриятларини бажаришни ортга сурмай, вазиятни тўғри баҳолаб, масъулиятни ҳис қилган ҳолда тўғри қарор қабул қилган инсонлардир.
Ҳар биримиз уларнинг сафида бўлишимиз – уйдан чиқмаган ҳолда давлат бюджетини тўлдиришга ўз ҳиссамизни қўшишимиз мумкин.
Давлат солиқ қўмитаси #БефарқБўлма челленжини бошлади. Ушбу хештег остида солиқларни охирги муддатини кутмасдан, ихтиёрий тўлаш орқали Ватанимизнинг умумий ишига қўлдан келганча ҳиссасини қўшганлар ҳақида материаллар эълон қилиб борилади.
Карантин даврида солиқларни тўланг! Видео ва фото ҳисоботларингизни телеграм орқали @DSQ_Pressa’га юборинг! Биз эса уларнинг энг яхшиларини расмий манбаларимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда эълон қиламиз.
Ҳар бир инсон ҳайрли ишга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин, бунинг учун энг маъқул вақт айнан ҳозир!