Давлат солиқ қўмитаси раиси Бехзод Анварович Мусаев Бош Вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.
Б. Мусаев 2018 йилнинг май ойидан буён ДСҚга раҳбарлик қилиб келаётган эди. Ўтган йиллар давомида у Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан солиқ ислоҳотларини амалга оширди.
Жумладан, Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинди, тизим структураси қайта ишлаб чиқилди, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилинди, солиқ хизмати эса ўз имиджини хизмат йўналиши фойдасига ўзгартирди.
Ўзбекистон солиқ тизимини янги форматда қуриш ва солиқ тўловчилар билан ўрнатилган ишончли муносабатлар сўнгги икки йил ичида эришилган муҳим ютуқлар бўлди.
Солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш, солиқ тўловчилар учун масофавий хизматлар сонини ошириш ва солиқ мажбуриятларини бажаришларига қулай шарт-шароитларни яратиш ишлари амалга оширилди.
Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнига халқаро экспертлар, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармасининг мутахассислари жалб этилди.
Бу эса халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий солиқ тизимини яратишда муҳим қадам ташлаш имконини берди.
Давлат солиқ қўмитасининг барча ходимлари номидан Бехзод Aнваровичга амалга оширилган ишлар учун чуқур миннатдорлик билдирамиз ва янги лавозимда муваффақиятлар тилаймиз.
ДСҚ Матбуот хизмати.