Сўнгги пайтларда онлайн назорат-касса машиналари (онлайн-НКМ) ва виртуал кассаларга кафолатли хизмат кўрсатганлик учун ойлик тўловлар (абонент тўлови деб аталадиган)нинг миқдори 2021 йил бошидан бошлаб оширилганлиги юзасидан тадбиркорлик субъектлари томонидан Давлат солиқ қўмитасига мунтазам равишда кескин норозилик ва шикоятлар келиб тушмоқда.
Вазиятни таҳлил қилган ҳолда Давлат солиқ қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
Тадбиркорлик субъектлари давлат реестрига киритилган исталган турдаги онлайн-НКМ ёки виртуал кассаларни мустақил сотиб олиши ва ушбу қурилмага хизмат кўрсатувчи ихтиёрий Техник хизматларни кўрсатиш маркази (ТХКМ) орқали давлат солиқ хизмати органларидан рўйхатдан ўтказиши мумкин. Қурилмалар ва марказларнинг реестрлари ДСҚнинг расмий веб-сайтида мавжуд.
Онлайн-НКМлар реестри - https://soliq.uz/page/davlat-reestri
Виртуал кассалар реестри - https://soliq.uz/page/virtual-kassa-reestri
ТХКМлар реестри - https://soliq.uz/page/txkm-reestri
ТХКМлар томонидан тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган хизматлар нархи томонлар ўртасидаги ўзаро тузиладиган шартнома асосида белгиланади.
Техник хизмат кўрсатиш марказларига мижозлар билан тузиладиган шартномаларда «Онлайн-НКМ ёки виртуал кассага кафолатли узлуксиз техник хизмат кўрсатиш» (абонент тўлови)га нималар кириши ҳамда «бир марталик хизматлар учун тўлов» нима эканлигини аниқ белгилаши ва конкретлаштириши тавсия этилади. Ушбу турдаги тўловларни фарқлаш керак, бир хил хизмат учун икки марта тўловга йўл қўйилмайди.
Давлат солиқ қўмитаси тадбиркорлик субъектларига ёрдам бериш, шунингдек ТХКМ ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига юқоридаги ҳолатни ўрганиш ва тегишли чораларни кўриш учун расмий сўров юборди.
Ишлаб чиқарувчилар (импортёрлар), шунингдек, техник хизмат кўрсатиш марказлари онлайн-НКМ ва виртуал касса фойдаланувчиларини барқарор ва адолатли нархлардаги хизматлар билан таъминлашлари лозим.
Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати