Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банкнинг солиқ идораларига банклар томонидан маълумот тақдим этиш тўғрисидаги қўшма қарори лойиҳаси эълон қилингандан кейин ижтимоий тармоқларда оммавий ахборот воситалари ва блогерлар, шунингдек кенг жамоатчилик вакиллари томонидан кўплаб саволлар ўртага ташланди ва турли муносабатлар билдирилди.
Уларни очиқ мулоқот шаклида тушунтириш учун ДСҚда 10 апрель куни онлайн-брифинг ташкил этилди. Унда ДСҚ раҳбарияти, шунингдек 20 дан ортиқ журналистлар, блогерлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Шунингдек, брифингда Жаҳон банкининг солиқ маъмуриятчилиги бўйича етакчи мутахассиси Раул Феликс Юнкера-Варела, жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича махсус сертификатга эга бўлган мутахассис (Aбу-Даби) Aлишер Раҳматуллаев, Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциациясининг бош котиби (Бельгия) Ойбек Шайхов қатнашиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Муҳокаманинг асосий масаласи солиқ органлари томонидан жисмоний шахсларнинг картасига бошқа картадан пул ўтказиш ҳақидаги маълумотларнинг олиниши бўлди.
Кўпчилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари пластик карталаридаги пулларини солиқ органлари назорат қилишидан хавотирдалигини билдиришди.
ДСҚ депозитлар, дивидендларга таллуқли, иш ҳақи ва мол-мулкини реализация қилиш тўғрисидаги маълумотлар сўралмаслигини аниқ тушунтириб берди.
Бу блогерлар фаолиятига қандай таъсир қилиши ҳақидаги саволга ушбу ҳужжатда уларнинг ҳисобларини текшириш назарда тутилмаганлиги таъкидланди.
Бундай таҳлиллар фақат ноқонуний электрон тижорат фактларини аниқлаш ва кейинчалик уларни қонунийлаштириш учун ўтказилади.
Электрон тижорат билан расман рўйхатдан ўтмасдан шуғулланиш тўғрисида маълумот аниқланса, солиқ органлари ходимлари тадбиркорлик фаолиятини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича тавсиявий тушунтириш ишларини олиб боради.
Давлат солиқ органларининг дастлабки таҳлилларига кўра, бугун бу каби шахслар деярли 700 нафарни ташкил этиши мумкин.
Муҳокамага қўйилган лойиҳа халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Буни Жаҳон банки эксперти Рауль Феликс Юнкера-Варела ҳам тасдиқлаб, Европа ва Америка, шунингдек яқин хориж мамлакатларида ҳам солиқ органлари ва банклар ўртасида маълумот алмашиш тизими мавжудлигини таъкидлади.
Бизнес қонуний юритиш – бу нафақат даромад манбаи, балки давлат бюджетини тўлдиришга ҳисса қўшиш ҳамдир. Умуман олганда, онлайн-брифинг иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар. Шуни таъкидлаш керакки, конструктив таклифлар ҳужжат лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида инобатга олинади.
ДСҚ Матбуот хизмати.