Сиз чекларни ташлаб юборасизми? Хизматдан фойдаланганда ёки харид қилганингизда уни олмайсизми? Унда хато қиляпсиз! Сиз чеклар билан қимматбаҳо совғалар ва автомобил ютиб олишингиз мумкин.
Ютуқли чек ўйинлари – иштирокчилардан ортиқча харажат талаб этмайдиган ноёб акция. Чек ютуқли ўйинда иштирок этиш имконини беради. Ҳаммаси ҳам эмас, фақат Пойтахтимизда жойлашган савдо нуқталаридан берилган онлайн назорат-касса машиналари чеклари.
Бундай чеклар QR коди ва 12 хонали фискал белгиси, шунингдек товарлар (ишлар, хизматлар) номи, миқдори, қиймати (нархи), қўшилган қиймат солиғи ставкаси ва суммаси тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлиги билан ажралиб туради.
Асосий масала: ютуқли ўйинда иштирок этадиган чеклар қаерда берилади?
Мамлакатимизнинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ истеъмолчилар, тадбиркорлик субъектлари ва давлат солиқ органларининг ўзаро уйғун фаолияти ахборот технологиялари орқали босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда.
Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига QR кодли чекларни берувчи онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларни жорий этиш ушбу жараённинг муҳим таркибий қисмидир. Ҳозирда бундай техникалардан йирик савдо тармоқлари, дорихоналар, АЁҚШ, тамаки ва алкоголь маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи савдо нуқталари фойдаланмоқда. Ютуқли чек ўйинлари сабабли вазият ўзгарди. Талабчан истеъмолчилар ютуқли чек бермаётган савдо нуқталаридан харид қилишни рад этмоқда. Натижада, ҳар бир янги тиражда чеклар ва иштирокчилар сони, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари қамрови ошиб бормоқда.
Чеклар сони бўйича рекорд натижа (32 815та чек) қайд этилган III тираж якунларига кўра, бешта етакчи савдо нуқтаси аниқланди. Aйнан уларда онлайн НКМ ва виртуал кассалар қўлланилади, яъни QR кодли чеклар берилади.
«ANGLESEY FOOD» МЧЖ (Korzinka.uz) – 12 250 та чек
«DARVOZA SAVDO» МЧЖ (Makro) – 4 260 та чек
«UNIVERSAL-FARM-PLUS» МЧЖ – 2 025 та чек
«NIKA FARM SERVIS» МЧЖ (Oxy med) – 1 331 та чек
«NAK ABSOLUTE» (АЁҚШ) – 786 та чек
Таққослаш учун. Ютуқли чек ўйинларининг биринчи тиражида АЁҚШ ва дорихоналардан берилган чеклар бошқаларидан кўпроқ эди. Иккинчи тиражда машҳур савдо тармоқлари етакчилик қилди.
21 сентябрь ҳолатига кўра, 10 мингдан зиёд чек рўйхатдан ўтказилди. Ютуқли ўйинларнинг тўртинчи тиражига оз қолди! Шошилинг!
Эслатиб ўтамиз: Ютуқли ўйинда иштирок этиш учун чекнинг QR кодини SOLIQ мобил иловасида сканер қилиш ёки унинг 12 хонали фискал белгисини 1077 рақамига SMS тарзида юбориш лозим.
ДСҚ Матбуот хизмати