Қўшилган қиймат солиғининг ортиқча миқдорини қоплаш (қайтариш)нинг соддалаштирилган тизими солиқ тўловчилар манфаатларига йўналтирилган.
Йил бошидан ҚҚС суммасини қоплаш (қайтариш) фақат алоҳида тоифага кирувчи солиқ тўловчиларга қўлланилган бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (14.08.2020 й.) қарорига мувофиқ шартлар ва тартиб соддалаштирилди ва ҚҚС тўловчиси бўлган барча хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қўлланилмоқда.
1-қадам. Ариза бериш.
Ҳисобга олинган жой бўйича давлат солиқ бошқармаларига ариза берилади. Йирик солиқ тўловчилар – Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига ариза юборади.
2-қадам. Кўриб чиқиш жараёни маълум вақт билан чегараланган:
– тезлаштирилган тартиб (7 кундан кечиктирмай) йирик солиқ тўловчилар, дипломатик ваколатхона вакиллари, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчилари (“ноль ставка”), солиқ мониторинги иштирокчилари учун.
– умумий тартиб (60 кундан кечиктирмай) – ҚҚС тўловчиларининг бошқа тоифалари учун.
3-қадам. Қаноатлантирилган ҳужжатлар Молия вазирлигига келиб тушади.
4-қадам. Тўлов топшириқларини бажариш (давлат бюджетидан маблағлар солиқ тўловчининг банк ҳисобрақамига ўтказилади).
Жорий йил 1 январь – 9 октябрь ҳолатига давлат солиқ хизмати органларига умумий қиймати 7 736,9 млрд. сўмлик 6 295 та ариза келиб тушди. Шундан 2 773 та ҳужжат қаноатлантирилди ва Молия вазирлигига юборилди. Йил бошидан буён солиқ тўловчиларга жами 4 544,0 млрд. сўм миқдоридаги маблағлар қайтарилди.
ДСҚ Матбуот хизмати