Ўзбекистонда жорий йилда ички бозорда сотилган маҳсулот бўйича қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби йўлга қўйилади.
Бу вазифа Президент Фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастуридан ҳам ўрин олди. (02.03.2020й.)
Шунингдек, Фармонга кўра, Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси, парламент палаталари қўшма мажлиси ва ташкилий йиғилишларида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш белгиланди.
Давлат дастурида давлат солиқ хизмати органлари зиммасига хам бир қатор муҳим вазифалар юклатилди.
Хусусан, 2020 йилда солиқ тўловчилар томонидан ортиқча тўланган солиқ суммаси белгиланган муддатда қайтарилмаган ҳолда ушбу сумма учун солиқ тўловчиларга бюджет ҳисобидан Марказий банкнинг асосий ставкасига тенг миқдорда фоизлар тўлаш ҳамда ички бозорда сотилган маҳсулот бўйича ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш тартиби ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, жорий йилда “рақамли маркировка ва онлайн касса” лойиҳасини ўз вақтида ва тўлиқ бажариш ҳамда “Э-омбор” товарларни ҳисобга олишнинг электрон тизимини жорий этиш бўйича амалий чоралар кўрилади.
Фармонга кўра, Давлат солиқ қўмитаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда ўзини ўзи банд қилаётган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган фаолият турлари (хизматлар, ишлар) рўйхатини қайта кўриб чиқади.
Мазкур жараёнларни рақамлаштириш, “фрилансинг” (масофадан туриб ишлаш) имкониятларини оммалаштириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади.
ДСҚ Матбуот хизмати.