Жорий йилнинг 17 январь куни Давлат солиқ қўмитасида “Солиқ
соҳасида коррупцияга қарши курашиш чоралари: натижалар ва истиқболлар”
мавзусидаги йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Давлат солиқ қўмитаси
раҳбарияти, марказий аппарати ходимлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти
давлат солиқ бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари,
ҳудудий давлат солиқ бошқармалари Ўз хавфсизлиги, Кадрлар билан ишлаш бўлимлари
бошлиқлари шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош Прокуратура вакиллари
иштирок этди.
– Бугун давлат солиқ хизмати органлари олдида солиқ тўловчиларга қулай шарт-шароит яратиш, коррупцияга қарши курашишга қаратилган, сервисга йўналтирилган замонавий солиқ хизматларини кўрсатишдек муҳим вазифалар турибди, -дейди Давлат солиқ қўмитаси раиси Бехзод Мусаев.
Инсон омили аралашувисиз
Инсон омили аралашувини қисман ёки
бутунлай чеклайдиган автоматлаштирилган махсус дастурий маҳсулот
яратиш – Давлат солиқ қўмитасининг коррупцияга қарши чораларидан
биридир.
Текширувга номзодларни танлашда очиқлик
ва шаффофликни таъминлаш мақсадида, тадбиркорларнинг фаолиятини таҳлил қилиш ва
уларнинг солиқ қонунчлиги бузилишлари ҳавфига мустақил бахо бериш имкониятига
эга бўлган, риск-анализ тизими жорий
этилмоқда.
Бунда давлат солиқ хизмати органларининг
мансабдор шахслари кимни текшириш ва қандай шаклдаги текширув ўтказишни танлаш
имкониятига эга бўлмайдилар. Бу функцияларни 42 мезонга асосан
автоматлаштирилган тизим инсон омили аралашмаган ҳолда бажаради.
Текширув жараёнлари солиқ инспектори
томонидан видео тасвирга олиниши ҳамда жисмоний шахслардан тўловлар қабул
қилинганда QR - кодли чек берилиши муҳим янгиликлардан саналади.
2020 йил 1 январдан онлайн
назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини босқичма-босқич жорий этиш
тўғрисидаги норма амалга кирди.
Бу савдо ва хизмат кўрсатиш
соҳасида ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини янада ошириш, нақд пул маблағларининг
хуфиёна айланишини қисқартириш ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатишга ёрдам
беради.
Нақд пул тушумига эга бўлган
тадбиркорлик субъектларини онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассадан
фойдаланишга босқичма-босқич ўтказиш графигига асосан:
- Алкоголь ва тамаки
маҳсулотлари, дори-дармон, автомобилларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ
ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари – 2020
йил 1 январдан;
- Ўтган йил якунлари бўйича
йиллик обороти (тушуми) беш миллиард сўмдан ошган тадбиркорлик
субъектлари – 2020 йил 1 августдан;
- Ўтган йил якунлари бўйича
йиллик обороти (тушуми) юз миллион сўмдан ошган ёки йил давомида ушбу чегаравий
миқдорга етган тадбиркорлик субъектлари – 2021 йил 1 январдан;
- Қолган барча тадбиркорлик
субъектлари – 2022 йил 1 январдан онлайн назорат-касса машинаси ёки
виртуал кассадан фойдаланишга ўтадилар.
Бугунги кунда
республикамиздаги савдо нуқталарига 5
мингдан ортиқ онлайн НКМ аппаратлари ўрнатилган, 16 мингта аппаратларни ўрнатиш
жараёни кетмоқда.
Бунинг натижасида қўлда
тўлдириладиган касса дафтари, савдо нуқталарида мавжуд кассалардаги нақд пул
тушумини ўрганиш учун солиқ органлари томонидан ўтказиладиган хронометраж
тадбирлари ва бошқалар тарихга айланади.
Ҳисобварақ-фактураларнинг жорий
этилиши ҳамда 2020 йил 1 январдан бошлаб товарлар (хизматлар) реализацияси
қоида тариқасида электрон ҳисобварақ-фактуралар орқали амалга оширилиши шартлиги
муҳим янгиликлардан биридир.
Савдо операциялари бўйича барча
маълумотлар энди давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида келиб тушади.
Бу бизнес ва бевосита солиқ органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни
оширади.
Эндиликда солиқ мажбуриятларини
бажариш учун давлат солиқ хизмати органларига бориш шарт эмас. Буларни уйдан
чиқмаган ҳолда soliq.uz ҳамда электрон
тўлов тизимлари (PayMe, Click, UPay, Paynet ва ҳ.к) орқали бажариш мумкин.
Тезкор муносабат ва кадрлар билан ишлаш
Коррупциянинг олдини олиш
мақсадида 2018 йилда давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг иш ҳақлари
1,7 баробар ошди.
Ўтган йилда 1053 та ходим ва
уларнинг оила аъзоларига “Хумсон” дам олиш масканида дам олиш учун бепул
йўлланмалар берилди, 38 нафар ходим имтиёзли йўлланмалар асосида даволаниш ва
дам олиш учун хорижий давлатларга (Кисловодск, Ялта) юборилди.
Давлат солиқ қўмитаси Ўз хавфсизлиги
бошқармаси томонидан пора олиш ва ўз манфаатлари йўлида солиқ тўловчиларга
босим ўтказишга ҳаракат қилганлиги аниқланган ходимларга нисбатан қатий жазо
чоралари кўрилмоқда.
Давлат солиқ хизмати органларида
солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш орқали коррупциянинг олдини олишга
қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Солиқ тўловчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари
бузилиши ҳолатларига нисбатан тезкор муносабат билдириш мақсадида Давлат солиқ
қўмитаси ҳамда барча ҳудудий давлат
солиқ хизмати органларида 24/7 режимида ишлайдиган “Ишонч телефони” фаолияти
йўлга қўйилган.
Ҳар бир мурожаатнинг ижроси қатий
назоратга олинган. Ишонч телефонига қилинган ҳар бир қўнғироқ ёзиб олинади ва
ДСҚнинг маълумотлар базасига киритилади. Мурожаат этувчи ҳақидаги маълумотлар
сир сақланиши кафолатланади.
Шу билан бирга ДСҚнинг Сall-маркази
(202-32-82, қисқа рақам-1198) ишлаб турибди. Солиқ тўловчиларнинг саволларига
жавоб беришга тайёр бўлган юқори малакали операторлар 24/7 режимида фаолият
кўрсатаяпди.
Бундан ташқари хуфиёна фаолият
юритиш ва солиқ тўлашдан қочиш ҳолатларини аниқлашга ёрдам берган шахсларни
моддий рағбатлантириш тўғрисида низом ишлаб чиқилди.
Бу бизнес инсофли юритиш, солиқларни
тўламаслик ёки яшириш ҳолатлари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда муҳим
омил бўлиб хизмат қилади.
Давлат солиқ хизмати органларида
коррупция даражасини аниқалаш мақсадида қўмитаннинг расмий сайти орқали
мунтазам равишда аноним ижтимоий сўровномалар ўтказиб борилади.
2019 йилда 6 мингдан ортиқ
фуқаролар ўртасида ана шундай сўровнома ўтказилди. Натижада паст кўрсаткичларни
қайд этган солиқ инспекцияларининг фаолиятида ўрганишлар ташкил этилиб, тегишли
чоралар кўрилди.
Давлат солиқ қўмитасининг расмий
сайтида коррупциянинг олдини олиш бўйича норматив ҳужжатлар ва бошқа
матераилларни ўз ичига олган “Коррупцияга қарши курашиш” номли махсус бўлим
очилган. Ҳар бир солиқ тўловчи танишиб чиқиш имкониятига эга.
Соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида
барча давлат солиқ инспекцияларида фуқароларни қабул қилиш ва уларга хизмат
кўрсатиш жойлари онлайн-видеокузатув камералари билан жиҳозланган.
Давлат солиқ қўмитаси томонидан тадбиркорлик
субъектларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, соҳада ҳуқуқбузарликлар ва
коррупциянинг олдини олиш, солиқ тўловчилар учун қулай, фойдали ва сифатли дастурий
маҳсулотларни ишга тушириш бўйича тизимли ишлар 2020 йилда хам изчил давом
эттирилади.
ДСҚ Матбуот хизмати