Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшмаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Кушербаев Расул Хидралиевич устидан Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси киритди.
Бунга Р.Кушербаевнинг «HUMAN UZ» ахборот порталидаги “Сўз блогерларга” кўрсатувининг 2021 йил 23 февралдаги сонида айтган ҳақоратомуз сўзлари сабаб бўлган.
Кўрсатувда депутат: “...оддий солиқ қўмитасининг ходими ёки мутахассиси юк хати нима учун керак бўлишини, хатто у шунчалик билмайдими ё тадбиркорлар, ё одамлар шунчалик аҳмоқ деб ўйлайдимики, ўзини қилаётган ишини нотўғримаслигини исботлаши учун далил сифатида юкхатини кўрмоқчи...
...пасткашлик бўлса шунчалик бўладики, солиқ ходими тадбиркордан юк-хатигача сўраяпти, уйидаги туалетная бумагани қанақасини ишлатишини ҳам сўрамабдида...
...солиқ органлари айланиб ўгирилиб тадбиркорни айбдор деб топишим керак деган принципда ишлаяпти...” дея солиқ органлари ходимларини асоссиз айблаган. У ушбу хатти-ҳаракатлари орқали солиқ органлари ходимлари ишчанлик обрўсига путур етказган.
Солиқ кодексининг 138-моддаси, 4-қисмида камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ органи солиқ тўловчидан (солиқ агентидан, учинчи шахсдан) ҳисобга олиш ҳужжатларини, тақдим этилган солиқ ҳисоботига
ва ҳисобга олиш ҳужжатларига доир тушунтиришларни, шунингдек солиқ ҳамда йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш билан боғлиқ бошқа ахборотни сўраб олиши мумкинлиги кўрсатилган.
Солиқ кодексининг 223-моддаси, 3-қисмига мувофиқ, юкларни
товар-кузатув ҳужжатларини (юк-хати) расмийлаштирмасдан ёхуд сохта ҳужжатлар бўйича ташиш солиқ базасини яшириш деб эътироф этилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг депутатлик одоби қоидалари 22-бандида, депутат оммавий ахборот воситаларида чиқишда давлат органлари ва бошқа органларнинг фаолиятига муносабат билдирганда, уларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган қўпол, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни қўллашга, асоссиз айбловларга йўл қўйишга ҳақли эмаслиги, агар депутатнинг баёнотида шундай фикрлар мавжуд бўлса депутат ўз фикрларининг янглишлиги ёки нотўғрилигини ошкора тан олиши ва кечирим сўраши кераклиги белгиланган.
Юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 99, 100, 1021 ва 1022-моддалари ҳамда Фуқаролик процессуал кодексининг 33, 189 ва 191-моддаларига асосан жавобгар Кушербаев Расул Хидралиевич давлат солиқ хизмати органлари ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларига нисбатан оммавий ахборот воситалари орқали раддия бериши ҳамда кечирим сўраши лозим.
Шунингдек, жавобгар хатти-ҳаракатлари орқали солиқ органларига
4,6 млрд. сўм миқдорида маънавий зарар етказган. Ушбу маънавий зарар ундирилгач, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармасига ўтказилади.
Давлат солиқ хизмати органлари сўз эркинлигига қарши эмас, аксинча фаолияти очиқ ва шаффофликка алоҳида эътибор берадиган давлат ташкилотларидан бири ҳисобланади. Буни аҳоли ва бизнес вакиллари ўртасида ўтказиладиган турли сўровномалар ва рейтинглар натижалари ҳам доим тасдиқлайди.
Бироқ ҳар қандай асоссиз фикрлар учун белгиланган тартибда, қонун доирасида жавоб бериш лозимлигини ҳам унутмаслик керак.
Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшмаси солиқ органлари ходимларининг нафақат ҳуқуқий ва ижтимоий манфаатларини доим ҳимоя қилади, шунингдек давлат солиқ хизмати органлари обрўсига путур етказувчи ҳаракатлар учун жавоб берилишини талаб қилади.
Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати