Жорий йилнинг 7 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Ушбу ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигини ташкил этиш назарда тутилган.
Фармонда Кадастр агентлигининг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлаш.
Бунда:
- кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш;
- давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш;
- ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймасликка қаратилган самарали ер назоратини амалга ошириш.
- Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш, ҳудудлар давлат кадастрининг самарали юритилишини таъминлаш, давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш;
- геодезия, картография ва давлат кадастрларини юритиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш.
- давлат кадастрларини юритиш соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлаш.
2020 йил 1 октябрдан бошлаб ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўзгаришини назарда тутувчи нотариал тасдиқланган битимлар ҳамда бошқа ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Миллий географик ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин кучга киради.
2021 йил 1 январдан бошлаб ер тури, контури, чегараси ва ҳуқуқ эгалари ҳақидаги барча маълумотлар Кадастр агентлигининг Миллий геоахборот тизимига интеграция қилинадиган онлайн геопорталига киритилади;
Кадастр агентлиги икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига иккита ҳужжат лойиҳасини киритади:
- ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда давлат кадастрларини юритиш тартибини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар фақат Кадастр агентлиги органлари томонидан кўриб чиқилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси;
- кўчмас мулк объектларининг давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини қайта кўриб чиқиш, шу жумладан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимни камайтириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси.
Шунингдек, Фармонга кўра, Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ҳамда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни тайёрлайди.
Маълумот учун: Ҳозирда ДСҚ ва Кадастр идоралри ўтрасида жисмоний шахсларга ва юридик шахсларга тегишли кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги маълумотлар интеграция қилинган.
Жисмоний шахслар эгалигидаги кўчмас мулк объектлар сони 7,3 млн. тани ташкил этмоқда. 6,1 млн. нафар жисмоний шахслар эгалигидаги ушбу ер мойдонлари 1 026 минг гектарни ташкил этади.
Бугунги кунда 164 мингта юридик шахс эгалигида 13 251 минг гектар ер майонлари мавжуд бўлиб, шундан 91 мингтаси (12 452 минг гектари) қишлоқ хўжалиги корхоналарига тегишли бўлса, 74 мингтаси (800 минг гектар) ноқишлоқ хўжалигига тўғри келади.
ДСҚ Матбуот хизмати