Давлат солиқ хизмати ходимларининг даромадлари ва активлари тўғрисидаги маълумотларнинг шаффофлиги – коррупцияга қарши курашишда ва солиқ органлари фаолиятига ишончни оширишда муҳим воситадир.
Давлат солиқ хизмати органларини ривожлантиришнинг очиқлик, шаффофлик, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасизлик каби асосий тамойилларидан келиб чиқиб, Давлат солиқ қўмитаси солиқ хизмати ходимлари томонидан ҳар йили даромадлари ва эгалигида бўлган активлар тўғрисида декларация тақдим этиш бўйича мажбурий талабни белгилашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқди.
Лойиҳада давлат солиқ хизмати органларининг барча ходимлари 2020 йилда олган даромадлари ва эгалигида бўлган активлари тўғрисида 2021 йилнинг 1 сентябрига қадар ҳамда келгуси йилдан бошлаб ҳар йили 1 апрелга қадар декларация тақдим этиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Қонунига давлат солиқ хизмати органларининг барча ходимлари зиммасига декларация топшириш талабини юклаш ва ушбу талабга риоя қилмаганлик учун жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш киритилади.
Эндиликда давлат солиқ хизмати органининг ҳар бир ходими кўчар ва кўчмас мулклари, бошқа активлари, шунингдек ҳисобот йилида олган даромадлари тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда декларация тақдим этиши шарт бўлади.
Декларацияларни қайта ишлаш натижасида олинган ахборотлар шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, жамоатчилик учун очиқ ҳолда махсус ochiq.soliq.uz веб-сайтига жойлаштириш таклиф этилмоқда.
Масалан, кўчмас мулк бўйича объектнинг тури, умумий майдони ва объектнинг жойлашуви тўғрисидаги маълумотлар мажбурий равишда кўрсатилиши шарт. Автомобиллар ҳақидаги маълумотларда автомашина русуми, модели ва ишлаб чиқарилган йили акс эттирилади.
Биз учун жамоатчиликнинг давлат солиқ хизмати органларига бўлган ишончи устувор аҳамиятга эга. Жорий йилда солиқ органларига ишга қабул қилиш жараёнини мажбурий очиқ танлов асосида амалга ошириш тартибини жорий этдик.
Даромадлар ва активларни мажбурий декларациялаш – бу солиқ органларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, соҳада шаффофликни таъминлаш ва ходимлар ўртасида коррупциянинг олдини олиш йўлида ташланган яна бир аниқ амалий қадамдир. Биз «қўли эгри» ходимларнинг тизимда қолишига имконият бермаслигимиз керак, бизнинг сафимизда уларга жой йўқ!
Бугунги кунда солиқ органлари тизимида жами 10,3 минг ходим фаолият юритмоқда, уларнинг аксарияти ёшлардан иборат. Касбий фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ биз уларга «ҳалоллик вакцинаси»ни беришимиз ва солиқ органларидаги хизматнинг барча босқичларида коррупция ҳолатларига йўл қўймаслигимиз керак.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси танишиш учун қуйида жойшлаштирилган.