Товарларни (хизматларни) реализация қилишга доир операцияларнинг солиқ базасидан ҳисоблаб чиқарилган ҚҚС суммаси билан олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси ўртасида салбий фарқ юзага келганда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ортиқча қўшилган қиймат солиғи маблағларини қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги 489-сонли қарори билан тасдиқланди. Шунингдек, ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) шартлари ва тартиби белгиланди.
Солиқ тўловчининг ҳисобга олинган жойи бўйича ҳудудий давлат солиқ бошқармаси томонидан, йирик солиқ тўловчилар бўйича эса Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан кўриб чиқилади ва ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш ҳақида қарор қабул қилинади.
Муддатларга алоҳида эътибор бериш лозим.
– йирик солиқ тўловчилар, дипломатик ваколатхона вакиллари, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчилари (“ноль” ставка), солиқ мониторинги иштирокчилари аризалари 7 кундан кечиктирмай, яъни тезлаштирилган тартибда кўриб чиқилади.
– бошқа барча ҚҚС тўловчилари аризалари 60 кундан кечиктирилмай кўриб чиқилади.
2020 йил бошидан 16 ноябрь ҳолатига давлат солиқ органларига келиб тушган ҳужжатларнинг 93 фоиздан ортиғи кўриб чиқилди. 5 134 та ҳужжат эса хато-камчиликлари туфайли ариза юборувчига қайтарилди. Бунда табдиркорлик субъекти ҳужжатлардаги камчиликларни тузатиб, қайта ариза юбориш ҳуқуқига эга.
Ҳозиргача кўриб чиқиб, қаноатлантириш учун Молия вазирлигига 4 512 та ариза юборилган бўлиб, уларнинг умумий миқдори 6 748,9 млрд. сўмни ташкил этмоқда.
ДСҚ Матбуот хизмати