Ўзбекистон Республикасининг «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонунига асосан, деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланиш тадбиркорлик фаолияти ҳисобланади. Улар фаолиятини ўз ҳохишларига кўра юридик шахс ташкил этган ҳолда ва юридик шахс ташкил этмасдан амалга ошириши мумкин.
Ушбу талабдан келиб чиқиб, фаолиятини юридик шахс ташкил этмасдан амалга ошираётган деҳқон хўжаликлари солиққа тортиш масалаларида якка тартибдаги тадбиркорларга тенглаштирилган.
Дехқон хўжаликлари 2020 йил 1 январдан бошлаб товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган даромадлари бўйича қуйидаги солиқ режимига асосан солиқ тўлайдилар.
1. Юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари:
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 385-моддасига мувофиқ, товарлар (хизматлар) реализациясидан даромади календарь йилида юз миллион сўмдан ошмайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар шу жумладан, деҳқон хўжаликлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қатъий белгиланган миқдорда тўлайди.
Шунингдек, улар жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш орқали умумий фойдадан харажатларни чегирган ҳолда ўртадаги фарқдан белгиланган ставкада даромад солиғи тўлашлари мумкин.
Солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади юз миллион сўмдан ошган, лекин бир миллиард сўмгача бўлган деҳқон хўжаликлари товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадининг юз миллиондан ошган қисми бўйича айланмадан олинадиган солиқ тўловчилари бўлади.
Бунда, деҳқон хўжалиги ўз ҳохишига кўра айланмадан олинадиган солиқ ўрнига қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини тўлашга ўтиши мумкин.
Товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади бир миллиард сўмдан ошган деҳқон хўжаликлари қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўловчилари ҳисобланадилар.
2. Юридик шахсни ташкил этган ҳолда деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари:
Юридик шахсни ташкил этган ҳолда деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари юридик шахс сифатида солиқларни тўлайди.
Бундай деҳқон хўжаликлари товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларидан қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўловчиси бўладилар.
Бундан ташқари, товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади бир миллиардгача бўлган деҳқон хўжаликлари қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи ўрнига айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтишлари мумкин.
ДСҚ Матбуот хизмати.