Карантин даврида тадбиркорлик субъектларига 6 766, 7 миллион сўмлик солиқларни тўлаш муддатини кечиктиришга рухсат берилди.
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида иқтисодий барқарорликни ва соҳаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор солиқ имтиёзлари жорий этилди.
Жумладан, коронавирус пандемияси сабабли эълон қилинган карантин сабабли вақтинча молиявий қийинчиликларни бошдан кечираётган ва солиқларни тўлаш имкониятига эга бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларга солиқларни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқини беришига алоҳида эътибор қаратилди.
Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига (ПФ-5969 19.03.2020 й.) асосан уч турдаги – мол-мулк, ер ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш бўйича енгилликлар берилди.
Ушбу норма талаблари асосида жорий йилнинг 6 апрель ҳолатига тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган мурожаатлар асосида умумий ҳисобда 6, 76 млрд. сўмлик солиқларни тўлаш муддатини кечиктиришга рухсат берилди.
Жумладан, ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритувчи субъектларнинг жами суммаси 3 481, 6 млн. бўлган солиқларини тўлаш муддатини ўзгартириш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу соҳалар кесимида энг йирик кўрсаткичдир. Транспорт соҳасида 604, 5 млн. сўм миқдоридаги, қурилиш соҳасида эса 568, 2 млн. сўмлик солиқларни тўлаш муддати ўзгартириш имконияти яратилди.
Шунингдек:
- савдо – 491, 6 млн. сўмлик;
- хизмат кўрсатиш – 457, 5 млн. сўмлик;
- бозор – 383, 4 млн. сўмлик;
- умумий овқатланиш – 327, 5 млн. сўмлик;
- меҳмонхона хизмати – 242, 9 млн. сўмлик;
- қишлоқ хўжалиги – 200, 4 млн. сўмлик
- тиббий хизмат соҳасида – 8, 9 млн. сўмлик солиқларни тўлаш муддати ўзгартирилди.
Маълумот учун яна 255 745 млн. сўмлик солиқларни тўлаш муддатини ўзгартириш бўйича келиб тушган мурожаатлар ўрганилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу имкониятдан фойдаланиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилган эди.
ДСҚ Матбуот хизмати