Давлат солиқ қўмитаси сўнгги кунларда фойда солиғи
бўйича қўшимча ҳисобланган ва ундирилган солиқлар юзасидан солиқ тўловчилар
йўллаган эътирозларини ўрганиб чиқди.
Айрим ҳудудий давлат солиқ инспекцияларининг мансабдор шахслари томонидан товар айланмасини ёки фойдани камайтириб кўрсатишга ҳеч қандай асоси бўлмаган солиқ тўловчиларнинг III чорак фойда солиғи ҳисоботига нисбатан IV чорак учун кам фойда солиғи ҳисобланганлиги тўғрисидаги мурожаатномалар юборилган.
Унда солиқ тўловчиларга аниқланган тафовутларни қайта
кўриб чиқиб, ўзига қулай ва маъқул бўлган вақтда ўзаро муҳокама қилиш учун
давлат солиқ инспекциясига ташриф буюрган ҳолда тушунтириш берилиши маълум
қилинган.
Давлат солиқ инспекциясининг мурожаатига тушунтириш
бермаган, тафовутга аниқлик киритмаган айрим солиқ тўловчиларга қўшимча солиқ
ҳисоблаб, ундириб олинган.
Солиқ кодексининг 164-моддасига асосан ҳисобот даври мобайнида юридик шахслардан
олинадиган фойда солиғи жорий тўловларни киритиш орқали тўланади ва жорий
ҳисобот даври учун тахмин қилинаётган солиқ солинадиган фойдадан ҳамда юридик
шахслардан олинадиган фойда солиғининг белгиланган ставкасидан келиб чиқиб
ҳисобланади.
Тахмин қилинаётган солиқ солинадиган фойдадан келиб
чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган фойда солиғи суммаси ҳисобот даври учун
бюджетга тўланиши лозим бўлган фойда солиғи суммасига нисбатан 10 фоиздан
кўпроқ камайтирилган тақдирда, ҳақиқий суммасидан келиб чиқиб пеня ҳисобланиши назарда тутилган.
Бугунги кунда юридик шахслардан олинадиган фойда
солиғи тўловчилари сони 44 мингтани ташкил этмоқда ва ушбу кўрсаткич ўтган
йилга нисбатан 6 баробарга кўпайди (2018
йилда 7 мингта бўлган). Улар томонидан фойда солиғи Солиқ кодексида
белгиланган тартибда тўлаб келинмоқда.
Бироқ айрим солиқ тўловчилар солиқлардан қочиш (ёки
кам тўлаш) мақсадида солиқ солинадиган фойдани сунъий равишда камайтириб
кўрсатишга уринмоқда.
Мисол учун, “Сарой мулки” корхонаси (корхона номи
ўзгартирилган) 2019 йил 9 ойи давомида 43,3 млрд. сўм, шундан
июль-сентябрь ойларида 9,6 млрд. сўм
реализацияни амалга оширган. 2019 йил III чорак жорий тўлов
(аванс) учун тақдим этган маълумотномасига асосан 90,0 млн. сўм фойда
солиғи ҳисоблаган.
Корхона томонидан жорий йил
II чораги учун 799,2 млн. сўм
фойда солиғи ҳисобланган, яъни III чорак учун ўртача 709,2 млн. сўмга (799,2-90,0) камайтириб маълумотнома тақдим
этилган.
Агар жорий тўлов бўйича аниқлаштирилган маълумотнома
тақдим қилинмай, III чорак якуни бўйича октябрь ойида берилган ҳисоботда
709,2 млн. сўмга қўшимча солиқ ҳисобланса, ушбу сумманинг июль, август ва
сентябрь ойлари учун пеня тўланиши керак.
Давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчилардан
келгусида юзага келиши мумкин бўлган жавобгарлик чораларининг олдини олиш ва
пенялардан сақланиш мақсадида ҳисоботларни тўғри тўлдириш, хатоликларни зудлик
билан бартараф этиш ҳамда солиқ тўловларини ўз вақтида тўлаб боришни сўрайди.