Давлат солиқ қўмитаси ходимаси Сара Гафарова “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Жорий йилнинг 3 март куни Ўзбекистон Хотин қизлар қўмитасида “Мўътабар аёл” кўкрак нишони топшириш маросими бўлиб ўтди.
Одамзот пайдо бўлганидан буён муқаддас Она сиймосини, аёл зотини улуғлаб, унга таъзим қилиб келади. Аёл бор экан, ҳаёт бор, оила, фарзанд деган азиз ва бебаҳо неъматлар бор. Аёл бор экан, меҳр-муҳаббат, вафо ва садоқат бор.
Мазкур кўкрак нишони таъсис этилгандан буён ҳар йили 8 март – Халқаро хотин қизлар куни арафасида топшириш анъанага айланиб бормоқда.
Маросимда оиласидаги маърифий муҳит билан бошқаларга ўрнак бўлишликни ҳаёт тарзига айлантирган 50 ёшдан юқори бўлган, 287 нафар аёл Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Давлат солиқ хизмати органларида узоқ йиллардан буён хизмат қилиб келаётган Сара Гафарова ҳам мазкур кўкрак нишони соҳибаси бўлди.
Шунингдек, ибратли фаолият кўрсатаётган, қаҳрамонлик намуналарини намоён этаётган опа-сингилларимиз билан бирга, ўзидан намуна, тимсол қолдирган, ибратли ҳаётни яшаб ўтган, бироқ орамизда ҳаёт бўлмаган аёллар ҳам ушбу кўкрак нишонига муносиб кўрилди. Кўкрак нишонларини уларнинг номидан яқинлари қабул қилиб олди.
Маълумот ўрнида, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги фармонига мувофиқ, жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизларни муносиб тақдирлаш мақсадида таъсис этилган.
ДСҚ Матбуот хизмати.