Электрон ҳисобварақ-фактура (ЭҲФ) тизими мамлакатимизда яширин иқтисодиётнинг олдини олиш ва унинг улушини камайтиришда энг фаол қўлланилаётган тизимлардан бирига айланиб улгурди. Мазкур тизим мамлакатда реализация қилинаётган товарлар реал ҳажмини тўлақонли кўриш имкониятини тақдим этмоқда. Бу солиқ органлари учун иқтисодий жараёнларни онлайн кузатиш, таҳлил қилишга замин яратади.
Тадбиркорлик субъектларига-чи, янги тизим кутилганидек енгиллик бера олаяптими? Айнан қайси жиҳатлар тизимнинг аҳамиятини кўпроқ намоён этмоқда?
“Best Sunrise Pharma” МЧЖ бош ҳисобчиси Дилрабо Юсупованинг фикрича, ЭҲФда ҚҚС тўловчиларини маълумотлар базаси орқали аниқлаштириш имкони яратилгани хўжалик юритувчи субъектларга катта ёрдам беряпти.
“ЭҲФ тизимида ҚҚС ундирилишида узлуксиз занжир яратилиши ниҳоятда муҳим. Биринчидан, ҚҚС бюджет даромадларида салмоқли улушга эга. Иккинчидан, ҚҚС солиғининг узлуксиз занжири яратилаётган товар (иш, хизмат)лар қиймати шаклланиши жараёнида нарх сунъий ошишининг олдини олади. Яширин иқтисодиётга қарши курашда ана шундай аниқ ва самарали ишловчи механизмлар зарур” дейди Дилрабо Юсупова.
"BUSINESS-INSURANCE" МЧЖ корхонаси йил бошидан буён ЭҲФ тизимидан фойдаланмоқда. Корхона ҳисобчиси Сабоҳат Ҳолмуҳамедова тизимнинг аҳамиятини ўз фаолияти мисолида қуйидагича изоҳлайди:
– Корхонамизда ҳар ой ўртача 300 тагача ЭҲФ ва электрон ишончномалар жўнатамиз ёки қабул қиламиз. ЭҲФ тизими бухгалтерия ҳисобининг бирламчи ҳужжатлари ва солиқ ҳисоботларини тайёрлаш жараёнини соддалаштириб берди. Чунки тизим турли биллинг тизимлари ва бухгалтерия ҳисоби дастурлари билан осон интеграциялаша олади. Айниқса, карантин даврида ушбу тизим бизга жуда қўл келди, ҳисобварақ-фактураларни мижозларга ўз вақтида электрон тизим орқали жўнатдик, ишончномаларни ҳам электрон тарзда қабул қилдик. Бундай тезкорлик ва шаффофлик ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашда ҳар икки томон учун фойдали бўляпти.
Мазкур тизим пул маблағларининг банкдаги ҳисоб рақамларга келиб тушиш вақтини қисқартириш, давлат бюджетига солиқлар ўз вақтида тушишини таъминлашга хизмат қилаётганини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз.
Ҳозирда Молия вазирлиги, Товар хом-ашё биржаси ва Давлат солиқ қўмитаси ҳамкорлигида Ғазначиликдан бюджет ташкилотларига ажратиладиган маблағларга тўлиқ электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш бўйича иш олиб борилмоқда. Бунинг амалиётга жорий қилиниши натижасида бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланишининг олди олинади ҳамда уларнинг ҳаракат мониторингини олиб бориш имконияти пайдо бўлади.
Демак, ЭҲФ тизими рақамли иқтисодиётнинг муҳим элементи сифатида янада долзарблик касб этиб бораверади.
Абдукарим ЭШБАЕВ,
“Янги технологиялар” илмий-ахборот марказининг Электрон ҳисобварақ-фактураларни жорий этиш ва хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи.