Мамлакатимиз солиқ тизимида замонавий ахборот коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланилаётганлиги тадбиркорлик субъектларига кўплаб қулайлик ва имкониятлар тақдим этмоқда. Ҳисобварақ-фактуралар, ишончнома, бажарилган ишлар далолатномаси, товар-транспорт юкхати ва бошқа ҳужжатларни электрон тарзда шакллантириш имконияти шулар жумласидандир.
Сирдарё вилоятида 2020 йил 1 июль ҳолатига кўра, рўйхатдан ўтган ва солиқ тўлаш мажбуриятига эга 12 231 та корхонадан 9 729 таси ҳисобварақ-фактураларнинг электрон шаклидан фойдаланмоқда. Бу вилоятда мавжуд жами корхоналарнинг 79,5 %ини ташкил этади.
ЭҲФдан фойдаланмаган 2502 та корхонага солиқ органларидан малакали ходимлар бириктирилган бўлиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
– Электрон ҳисобварақ-фактуралар тизими, айниқса, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари орасида тобора оммалашиб бормоқда, – дейди Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари Аброр Кенжаев. – Хусусан, 3 457 та қўшилган қиймат солиғи тўловчиларининг 3304 таси ёки 95,6 фоизи ўз фаолиятида ушбу тизимни фаол қўллаяпти. Бу эса ҳужжат айланишининг тезкорлигини, солиқ ҳисоботларини ўз вақтида юборилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Биргина “Малик шаробсавдо” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2019 йилда 755 та ЭҲФ дан фойдаланган ҳолда 31 миллиард 20 миллион сўмлик ҳужжатлар алмашилган.
– 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, корхонамиз 345 та ЭҲФ дан фойдаланиб, 22 миллиард 372 миллион сўмлик ҳисоб-китобларни амалга оширди, – дейди жамият ҳисобчиси Бахтиёр Ҳакимов. – Мазкур тизимнинг солиқ тўловчиларга афзалликлари жуда кўп. Электрон ҳисобварақ-фактуралар бизнес ҳамкорлар ва солиқ идоралари билан шаффоф сиёсатни олиб боришга хизмат қилади. ҚҚС занжири узилишининг олдини олишга ёрдам беради. Айни жиҳатлар қўшимча солиқ ҳисобланишнинг энг кўп тарқалган сабаблари бўлиб, хато ва камчиликлардан максимал ҳимоя қилади.
Ҳозир вилоятимизда 9700 дан зиёд юридик шахс ва 1039 дан ортиқ ЯТТ ЭҲФ тизими фойдаланувчиси саналади. 10 810 нафар тадбиркорлик субъекти томонидан расмийлаштирилган ЭҲФларнинг умумий сони эса 115975 тани ташкил этади.
Ушбу ҳужжатларнинг ҳар бири ЭҲФ операторларининг маълумотлар базасида камида 5 йил, шунингдек, роуминг операторида 10 йил давомида хавфсиз сақланади. Бу янги тизимнинг солиқ тўловчилар учун қулай ва ишончли кўмакчи эканлигининг исботидир.
Сирдарё вилояти ДСБ Матбуот хизмати