Давлат хизматлари марказларида керакли сертификатларни масофадан туриб олишни, солиқ органларига ташриф буюрмасдан солиқ мажбуриятларини бажаришни афзал кўраётган фуқаролар тобора кўпайиб бормоқда. Рақамлаштириш узоқ келажакдан кутилаётган меҳмон эмас, балки замонавий талабдир.
Бунда асосий қоида – электрон рақамли имзо (ЭРИ)га эга бўлиш. Ушбу янгилик кейинги йилларда фаол қўлланилмоқда. 2018 йилда 1 486 655 нафар фуқаро ЭРИ сотиб олган бўлса, 2019 йилда 2 176 623 нафарни ташкил этди. 2020 йил октябрь ҳолатига 30 396 нафар фуқаро масофадан туриб ЭРИ олди.
ЭРИ сертификати 2018 йилдан Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги рўйхатга олиш маркази томонидан Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда – e-imzo.uz сайтида берилмоқда. E-imzo.uz сайти орқали масофадан туриб ЭРИ сертификатини олиш бўйича қўлланмани қуйидаги ҳавола орқали топишингиз мумкин - https://dls.yt.uz/e-imzo/instruction_online_ecp_ru.pdf.
Олинган сертификатни шахсий компютерга юклангани каби, смартфонга ҳам ўрнатиш мумкин. Бу давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини беради.
ЭРИ + Soliq
Яна бир афзаллиги – Soliq мобил иловасидан тўғридан-тўғри фойдаланишга имкон беришидир. ЭРИ калитига эга бўлган жисмоний шахс Soliq мобил иловасида ўзларига ҳисобланган солиқлар – мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўғрисидаги маълумотларни кузатиб бориши, шунингдек, ижара шартномаси тузиши, солиқ қарздорлиги йўқлиги тўғрисидаги гувоҳномани масофадан туриб олиши, ҳисобланган иш ҳақини кўриши ва керак бўлганда электрон ҳисобварақларнинг ҳисобини юритиши мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган, лекин Ўзбекистон ҳудудида қонуний равишда ишлашни истаган шахслар ЭРИ ёрдамида рўйхатдан ўтиб, ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олиши мумкин.
Электрон рақамли имзо фақат юридик шахслар учун фойдали, деб ҳисоблаш нотўғри. ЭРИ калитидан фойдаланиш доираси кенг. Масофадан туриб давлат хизматларидан фойдаланиш ва давлат идораларига онлайн мурожаат қилиш, электрон тижорат, электрон ҳужжат айланиши, солиқлар ва бошқа тўловларни тўлаш шулар жумласидан.
Электрон рақамли имзо калит сертификатининг эгаси ундан фойдаланишни назорат қилиши, фойдаланиш режими бузилганлиги ёки бузилиши эҳтимоли борлиги тўғрисида хабар қилиши ўзи вакил бўлган юридик шахснинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши тўғрисида рўйхатга олиш марказига хабар қилиши шарт.
Электрон рақамли имзонинг ҳуқуқий мақоми қонун билан белгиланган. (Ўзбекистон Республикасининг “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги Қонуни 11.12.2003 йил)
ДСҚ Матбуот хизмати