Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида 2022 йил 13 апрель куни “Махсус иқтисодий зоналарда фаолият юритаётган тадбиркорларга фойда солиғи бўйича имтиёз бериш”га қаратилган Қонун лойиҳаси муҳокамасида юзага келган мунозаралар бўйича Давлат солиқ қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
Солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилаётган меъёрий ҳужжат лойиҳалари Солиқ кодексининг ошкоралик принципига тўлиқ риоя этилган ҳолда муҳокама этиб борилиши қаторида, солиқ тўловчилар билан солиқ қонунчилигини тўғри қўллаш бўйича ҳамкорлик ишлари тизимли давом эттирилмоқда.
Жумладан, солиқ имтиёзларидан фойдаланиш хуқуқига эга барча солиқ тўловчилари қаторида, эркин иқтисодий зона (ЭИЗ) иштирокчиларига нисбатан ҳам ҳуқуқий асосланган мавжуд солиқ имтиёзлари қўлланилмоқда.
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-4853-сон Фармони билан ЭИЗ иштирокчилари ер солиғи, фойда солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, айланмадан олинадиган солиқдан киритган инвестиция ҳажмига мутаносиб равишда 3 йилдан 10 йил муддатгача озод қилинган.
2. Ўзбекистон Республикасининг “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги ЎРҚ-604-сон Қонуннинг 48-модасига мувофиқ ЭИЗлар ҳудудида мазкур Қонун кучга киргунга қадар (17.05.2020 йил) рўйхатга олинган ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган иштирокчилар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз ва преференциялар улар тақдим этилган муддат ўтгунига қадар (3 йилдан 10 йил муддатгача) сақлаб қолиниши белгиланган.
3. Солиқ тўғрисидаги қонунчилик Солиқ кодексидан ва қабул қилиниши ушбу Кодексда тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат бўлиши белгиланган.
Шунингдек, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг бир қисми, Солиқ кодекснинг нормаларига ёки қоидаларининг мазмунига зид бўлса ушбу Кодекснинг қоидаларига мувофиқ эмас деб топилиши белгиланган.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 июндаги “Алоҳида солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш тўғрисида” ПФ-6011-сон Фармонига асосан 2020 йил 1 октябрдан бошлаб, махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига Солиқ кодекси ва “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонунда белгиланган тартибда алоҳида солиқлар бўйича имтиёзларни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари назарда тутилиши белгиланди.
Маълумот учун: 2020-2021 йилларда ЭИЗларда рўйхатдан ўтган корхоналар томонидан қарийб 242,2 млрд.сўм миқдорида фойда солиғи бўйича имтиёздан фойдаланган.
Жумладан, 2020 йил давомида 117 та корхона имтиёздан фойдаланган бўлиб, фойдаланилган имтиёз суммаси қарийб 104 млрд.сўмни ташкил этган. 2021 йил давомида корхонлар сони 68 тани ташкил этиб, фойдаланилган имтиёз суммаси 138 млрд.сўмдан ошган.
Мисол учун, Навоий иқтисодий зонада фаолият кўрсатувчи акфа ромлари ишлаб чиқарувчи «AKFA EXTRUSIONS» масьулияти чекланган жамият 2020 йилда 45 млрд.сўм ва 2021 йилда 62 млрд.сўмлик фойда солиғи имтиёзидан фойдаланган.
Худди шундай, Сирдарё иқтисодий зонада фаолият "PENG SHENG" МЧЖ қўшма корхонаси 2020 йилда 3,1 млрд.сўм ва 2021 йилда 3,3 млрд.сўмлик фойда солиғи имтиёзидан фойдаланган.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 августда тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда ЭИЗ иштирокчилар томонидан билдирилган таклифлар инобатга олиниб, “Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор (ПҚ-5243) қабул қилинди.
Фойда солиғи бўйича имтиёзларнинг фойдаланилмай қолган қисми 2020 йил 1 октябрга қадар махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрига киритилган иштирокчилар учун киритилган инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, улар реестрга киритилган санадан бошлаб 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатларда тўлиқ қўлланилиши белгиланди.
Қарор талабларини Солиқ кодексида акс эттириш юзасидан қонун лойиҳаси мутасадди вазирликлар билан биргаликда Олий Мажлис қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган ва тасдиқлангандан кейин қайд этилган солиқ тўловчиларнинг имтиёздан фойдаланишлари учун тўлақонли ҳуқуқий асос юзага келади.
Давлат солиқ қўмитаси томонидан ваколат доирасида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш, очиқ ва шаффоф равишда муҳокама этиш ҳамда қонуний кучга кирган меъёрларни сўзсиз ижрога қаратиш ишлари изчил давом эттирилади.