Халқимизнинг жипслиги ва бирдамлигини синовчи шу кунларда давлатимиз ўзининг халқпарварлиги ва олижаноблигини тўла намоён этаётганини ҳар бир фуқаро дилдан ҳис қилиб турибди.
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва иқтисодиёт тармоқлари барқарорлигини таъминлаш, иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволга тушиб қолган хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, Президентимиз фармонлари (ПФ-5969, ПФ-5978) билан бир қатор солиқ имтиёзлари ва енгилликлар жорий этиш белгиланди. Давлат солиқ қўмитаси тадбиркорлик субъектлари ушбу имтиёз ва енгилликлардан тўлақонли равишда фойдаланишлари учун барча зарур шарт-шароитларни яратмоқда.
Жумладан, карантин туфайли фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган 198 мингта якка тартибдаги тадбиркорга 541 млрд. сўмлик жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий суммаси ва ижтимоий солиқ суммалари ҳисобланиши тўхтатилди.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ, туризм ҳамда меҳмонхона хизмати фаолияти билан банд 1764 та хўжалик юритувчи субъектлари ер ва мол-мулк солиқларидан озод этилди, уларнинг ижтимоий солиқ суммалари 12 фоиздан 1 фоизга туширилди. Натижада 136 млрд. сўмлик маблағлари ўз ихтиёрида қолди.
Шунингдек, фойдаланилмай турган бўш майдонларга эга 20267 та субъектга 1,1 трлн. сўмлик юқори ставкаларда солиқлар ҳисобланиши, ундирилиши ва кечиктирилган кунлар учун пеня ҳисобланиши тўхтатилди.
Товар айланмаси ойига 1 млрд. сўмдан ошмайдиган ва ҚҚС тўловчиси бўлган, электрон ҳисобварақ-фактурадан фойдаланадиган 25,2 мингта субъектга 450 млрд. сўмлик солиқларини чоракда бир маротаба тўлаш имконияти берилди.
Бундан ташқари, карантин эълон қилинган кун – жорий йил 16 мартдан кейин 284,5 млрд. сўм ҚҚС манфий суммалари тезкорлик билан қоплаб берилди.
Ташқи савдо операциялари билан шуғулланадиган 2542 та субъектга 717 млрд. сўмлик жарималар қўлланилмаслиги тўғрисида уларнинг шахсий кабинети орқали электрон хабарлар юборилди.
Солиқ қарзи тўлов муддатини узайтириш бўйича 2170 та ариза кўриб чиқилмоқда. Уларнинг умумий миқдори 682 млрд. сўмни ташкил қилади.
Карантин даврида имтиёзлар ва енгилликлар фонида хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобида қолган маблағлар уларнинг фаолият барқарорлигини сақлаб қолишга, иқтисодий қийинчиликларни енгиб ўтишга ҳамда ходимлари иш ҳақларини ўз вақтида беришига асос бўлади.
Таъкидлаш жоизки, биргина корхонанинг барқарор фаолият юритиши унда хизмат қилаётган бир неча юзлаб ходимларнинг оилалари фаровонлиги демакдир.
Солиқ тўловчиларга имтиёзлар тақдим этиш ва бошқа хизматлар кўрсатиш максимал даражада масофадан, онлайн тарзда амалга оширилмоқда. Бу эса давлат солиқ органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш билан бирга, пандемия даврида карантиннинг энг муҳим қоидаси – ижтимоий масофаланиш омилидир.
ДСҚ Матбуот хизмати.