2021 йил 19 январь куни Давлат солиқ қўмитаси томонидан Халқаро солиқ ва инвестиция маркази (ХСИМ) билан ҳамкорликда 14-Евроосиё солиқ форуми ташкил этилди.
Онлайн тарзда ўтказилган тадбир 20 дан ортиқ мамлакатдан 85 нафар иштирокчини жамлади. Жумладан, Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси, Россия Федерацияси Илмий-тадқиқот молия институти ва бошқа халқаро молия институтлари ҳамда йирик бизнес вакиллари иштирок этди.
Форумни барча иштирокчиларни Ўзбекистон пойтахтига таклиф этган ҳолда офлайн тарзда ўтказиш режалаштирилган эди, аммо пандемия ўз таъсирини кўрсатди. Шунга қарамай, бу форумнинг самарадорлиги ва иштирокчиларнинг унга бўлган қизиқишига ҳеч қандай таъсир кўрсатмади.
Форумни ДСҚ раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев кириш сўзи билан очиб берди.
– Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида барча тармоқлар ва соҳаларда “Янги Ўзбекистон”ни яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда, – деди М.Мирзаев. – Бунда иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш устувор йўналишлардан биридир. Шу билан бирга, солиқ тизимини соддалаштириш, солиқ юкини камайтириш ва соҳага замонавий ахборот технологияларини жалб этишга ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда.
Коронавирус пандемияси, халқаро рецессия (инқироз), ялпи талаб ва аҳоли даромадларининг камайиши, тадбиркорлик фаолиятининг пасайиши билан боғлиқ бўлган муаммолар шароитида мамлакатимиз солиқ органлари ўзларига юклатилган барча вазифаларнинг бажарилишини таъминлагани қайд этилди. Бунда, асосий эътибор солиқ органларини хизмат кўрсатишга йўналтирилганлик ва соҳага рақамли технологияларни жорий этишга қаратилганлиги таъкидланди.
Иштирокчилар COVID-19 инқирозининг давлат даромадларига таъсири, Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти доирасидаги чегаравий савдо муносабатларида пандемия даври ва ундан кейинги муаммолар, Евроосиё давлатларининг замонавий фискал сиёсати ва бошқа шу каби долзарб мавзуларга тўхталиб ўтдилар.
Бундан ташқари, пандемия даври инқирозини бартараф этиш тажрибаси, бизнес ва аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар борасида фикр алмашди. Шунингдек, форумда иштирок этаётган мамлакатларнинг молия институтлари ўртасидаги яқин ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
ДСҚ Матбуот хизмати