Ҳозирги кунда Бухоро вилоятида 500 дан зиёд хўжалик юритувчи субъектлар онлайн назорат касса машиналари хизматидан фойдаланмоқда.
Жумладан уларнинг:
155 тасини - алкоголь ва тамаки маҳсулотлари,
160 тасини - дори-дармон,
117 тасини - автомобилларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи ҳамда
103 тасини – бошқа фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ташкил этади.
Эътиборлиси, онлайн-назорат касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тадбиркорлик субъектларида сотувчиларнинг иши анча осонлашган.
– Биз корхонамизда жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб онлайн назорат касса машиналари хизматидан фойдаланаяпмиз дейди, - Бухоро шаҳридаги “Family farmacia” хусусуий дорихонаси раҳбари Феруз Шарипов. – Ушбу қурилма ишимизни анча енгиллаштирди десам муболаға бўлмайди. Негаки, биз илгаригидек, назорат-касса дафтарини юритмаяпмиз. Қолаверса, иш куни охирида ҳар бир назорат касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш каби мажбуриятларни бажармаяпмиз. Бундан ташқари, онлайн назорат касса машиналари хизматидан фойдаланувчиларга берилган қулайликларга мувофиқ, биз кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъий назар нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзимиз белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топширмоқдамиз.
Қувонарлиси, бу каби енгилликлар самараси туфайли вилоятда ундан фойдаланувчилар сони ҳам ортиб бормоқда. Мисол учун йил бошида вилоятда онлайн-назорат касса машиналаридан фойдаланувчилар сони 27 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунда онлайн-назорат касса машиналаридан фойдаланаётган тадбиркорлик субъектлари сони 535 тага етган. Йил якунигача эса ундан фойдаланувчи тадбиркорлар сони 2 000 дан ошади.
Кези келганда айтиш жоизки, ушбу тартиб давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоб тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан жорий қилинган эди.
Фармонга мувофиқ, виртуал касса дастурий маҳсулотининг базавий қисми тадбиркорлик субъектларига Давлат солиқ қўмитаси томонидан бепул берилади.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини ортиқча харажатлардан ҳимоя қилиш мақсадида, 2021 йил 1 январгача ҳар бир касса учун онлайн назорат-касса машиналарини жорий этиш билан боғлиқ харажатлари уларнинг кейинги солиқ тўлови ҳисобидан, бироқ базавий ҳисоблаш 10 барваридан ошмаган миқдорда камайтирилади.
Эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги 943-сон “Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2022 йилдан тадбиркорлик субъектлари аҳолидан нақд пул олишда тўлиқ онлайн назорат-касса аппаратлари ва виртуал кассалардан фойдаланишга ўтади. Натижада вилоятда 12 000 дан зиёд хўжалик юритувчи субъектлари онлайн назорат касса машиналари хизматидан фойдаланади.
Аҳамиятли томони солиқ тизимида амалга оширилаётган бундай ўзгаришлар энг аввало тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилгандир.
Бухоро вилояти ДСБ
Матбуот хизмати.